Пиллачилик ривожига бағишланди
Наманганда пилла етиштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва юқори самарадорликка эришиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Наманганда пилла етиштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва юқори самарадорликка эришиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, пиллани қайта ишлаш корхоналари вакиллари, илғор пиллакорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳага илғор агротехник усуллар, замонавий технологиялар кенг татбиқ этилаётгани, озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида янги тут плантациялари яратилиб, пиллакорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда.
Вилоятда 2014 йилда 2 минг 700 тоннадан зиёд қимматбаҳо саноат хомашёси етиштирилди. Кейинги йилларда такрорий ипак қурти боқишга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда. Такрорий пиллачиликда 50 тоннага яқин пилла етиштирилиб, қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилди.
– Жорий йилда пиллачиликдаги ҳосилдорликни 2 минг 790 тоннага етказиш режалаштирилган, – дейди “Наманган пилла” ҳудудий бирлашмаси раиси Раҳбархон Явминова. – Шу мақсадда ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, яъни бир ярим миллион туп тут кўчати экиш, 110 гектар майдонда янги тутзорлар яратиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди. “Наманганпахтасаноат” ҳудудий бирлашмаси тизимидаги махсус ипак қурти боқиш масканларида 115 тоннадан зиёд пилла етиштириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айни кунларда фермер хўжаликлари билан қурт боқувчилар ўртасида ички меҳнат шартномалари тузилмоқда.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.