Пилла – етти хазинанинг бири
Бугунги кунда юртимизда мавжуд тутзорларни янада кенгайтириш, тутчиликда сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш ва агротехника тадбирларини самарали ўтказилишини рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.
Инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш орқали пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда албатта, Президентимизнинг 2020 йил 17 январдаги «Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам 2021 йилда баҳор ва ёз ойларида 4 мавсумда 17 007 қути тут ипак қурти парваришланиб, 952 тонна пилла хомашёси етиштириш режалаштирилган. Бугунги кунда вилоятдаги 4 та пиллани қайта ишлаш корхонаси ва фермер хўжаликлари ўртасида 798 та контрактация шартномалари тузиш ишлари тўлиқ якунланган. Шунингдек, тутзорларга бириктирилган касаначилар билан 1670 та касаначилик шартномалари тузилган.
– Пиллачилик қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга, – дейди «Ўзагроинспекция» Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Соҳани ривожлантириш, сифатли ипак толаси ишлаб чиқариш ва уни четга экспорт қилиш яратилган шароитлар билан боғлиқ. Хусусан, вилоятда пилла озуқа базаси учун мавжуд тутзорларни янада кенгайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тут ипак қуртларини парваришлаш ва озуқа базасини кўпайтириш мақсадида, мавжуд тутзорлар хатоларига 1 миллион 162 минг дона тут кўчатлари экилиб, тутзорларда пайхоннинг олдини олиш, суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар бериш, бегона ўтлардан тозалаш, тутзорга келадиган сув йўлларини қазиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда жорий йил давомида 217 гектар янги тутзорлар барпо қилиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда 99 гектар ер майдонида янги тутзорлар яратилди.
– Соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим қонунбузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда, – дейди «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси бош инспектори Зиёдулла Тўхтаев. – Мазкур қонунбузилишларни таҳлил қиларканмиз, аксариятида тутзорлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиш ва тут ўрнига бошқа мевали дарахтларни экиш каби ҳолатларга йўл қўйилганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, ўтказилган назорат тадбирларида Қизилтепа тумани «Қизилтепа манғити» фермер хўжалиги 1,75 гектар, «Барот Саттор» фермер хўжалиги 0,65 гектар, «Ахмат бобо» фермер хўжалиги 1,2 гектар, «Теша Саидов» фермер хўжалиги 2,47 гектар, «Яккатут дур гавҳари» фермер хўжалиги 0,50 гектар, «Ҳафкорён мададкори» фермер хўжаликлари 0,30 гектар тутзорни пахта, ғалла экилган майдонга айлантиргани аниқланди. Шунингдек, «Гулшан Дурдона» фермер хўжалиги томонидан 0,40 гектар тутзор йўқ қилиниб, улар ўрнига мевали дарахтлар экилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Навбаҳор тумани Кескантерак ҳудудидаги 1,30 гектар тутзорнинг 0,3 гектар майдони фуқаро Ҳ.О томонидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, тут дарахтлари йўқ қилиниб, фуқаро томонидан ўз манфаати йўлида тут дарахти ўрнига толь дарахти экиб келинган.
Юқорида қайд этилган қонунбузулиш ҳолатлари, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан Навбаҳор ва Қизилтепа туман ҳокимлигига тақдимномалар киритилди.
«Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан ипак қурти озуқа базасини яратиш, ажратилган ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев,
ЎзА