Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси: Ўзбекистонда қисқа вақтда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилган
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев Набавий мерос бўйича халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Малайзиянинг Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Туанку Саййид Файзуддин Путра ибн Туанку Саййид Сирожиддин Жамолуллайл бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида А.Бобоев меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, кейинги йилларда давлат раҳбарларининг фаол ташқи сиёсати ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, туризм соҳасидаги алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб, қамрови кенгаймоқда.
– Йил бошидан буён Самарқандга келган малайзиялик сайёҳлар аввалги йилга нисбатан уч баробар ошгани кўп нарсадан далолат беради, – деди А.Бобоев. – Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш мақсадида ҳар йили делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда. Янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси ҳудудидаги меҳмонхоналардан бири бугунги кунда малайзиялик тадбиркор томонидан бошқарилмоқда. Ушбу давлатдаги “Насирул Қуръон” нашриёти Имом Бухорий мажмуаси учун 20 минг дона Қуръон совға қилгани диний-маърифий, зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларимиз мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади. Перлис штати муфтийси, профессор, Дато доктор Муҳаммад Асри Зайнул Обиддин жаноблари эса Ўзбекистоннинг Малайзиядаги туризм элчиси ҳамда Самарқанднинг яқин дўсти ҳисобланади.
Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман Самарқандда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилаётгани учун миннатдорлик билдириб, бу Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим, илм-фан ва диний-маърифий соҳалардаги яқин ҳамкорликнинг натижаси эканлигини қайд этди.
[gallery-31803]
– Пайғамбаримиз илмий меросига бағишланган нуфузли анжуман доирасида яна Самарқандда бўлиш, буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш бахти насиб этганидан хурсандман, – деди Туанку Саййид Файзуддин Путра ибн Туанку Саййид Сирожиддин Жамолуллайл. – Мен Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга бир неча бор келганман. Лекин бугун келиб шунга амин бўлдимки, 2012 йилдаги охирги ташрифимдан кейин мамлакатда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилибди. Айниқса, Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани, бу қутлуғ қадамжонинг кўрку салобатини кўриб, ҳайратда қолдим. Бу Ўзбекистонинг 1991 йилда мустақил давлат сифатида пайдо бўлишини эмас, балки уч минг йиллик тарих, бой давлатчилик анъаналарига эга мамлакат эканлигини кўрсатади.
Мулоқот давомида томонлар Самарқанд вилояти ва Перлис штати ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари