Пенсия тайинлашда қоғозбозликка чек қўйилади
Пенсия тайинлаш жараёнида фуқаронинг идорама-идора юриши, турли ҳужжатларни йиғиши ва маълумотларни қоғоз шаклида тақдим этишига босқичма-босқич барҳам берилади.
Янги тартибга кўра, айрим пенсиялар фуқаронинг мурожаатисиз автоматик равишда тайинланади, зарур хизматлар эса онлайн шаклга ўтказилади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 сентябрдаги “Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу борада бир қанча вазифалар белгилаб берилди. Мазкур ҳужжатга асосан, 2026 йил 1 ноябрдан айрим тоифадаги шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия фуқаронинг мурожаатисиз, яъни проактив тарзда тайинланади. Яна бир муҳим янгилик — боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш тартиби ҳам автоматлаштирилади. 2027 йил 1 январдан ушбу пенсия фуқароларнинг мурожаатисиз проактив шаклда тайинланади.
Шунингдек, фуқаролар имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш, пенсияни қайта ҳисоблаш ёки унинг турини ўзгартириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Пенсияга оид маълумотларни бир жойдан кўриш имконини берувчи “Менинг пенсиям” онлайн хизмати ҳам ишга туширилади. Мазкур тизим 2027 йил 1 январдан жорий этилади.
Энг катта ўзгаришлардан бири эса қоғоз ҳужжатлар билан боғлиқ. Шу санадан бошлаб Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ҳамда маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади. Яъни, пенсия таъминотида янги босқич — маълумотни фуқародан талаб қилиш эмас, мавжуд электрон маълумотлар асосида хизматни давлатнинг ўзи кўрсатиши тамойилига ўтилмоқда.
Фуқаролар уларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш, пенсияларни қайта ҳисоблаш ва пенсияни бошқа турига ўзгартириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Бу тизимнинг асосий мақсади — пенсия тайинлаш жараёнини соддалаштириш, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва фуқарога хизмат кўрсатишни тезкор ҳамда қулай шаклга ўтказишдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА