Пекинда археологик кўргазма очилди
Шу кунларда Хитойда “Бир макон, бир йўл” халқаро лойиҳасининг ўн йиллиги муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, қизиқарли кўргазмалар ташкил этилган. Жумладан, “Бир макон, бир йўл” журналистлари форуми бўлиб ўтмоқда. Анжуман доирасида дунёнинг турли давлатларидан келган юзга яқин ОАВ вакиллари учун археологик аҳамиятга эга ҳудудлар бўйлаб саёҳат ташкил этиляпти.
Масалан, Пекиндаги “Гугун” Император саройи музейида “Маданий мерос ва археология соҳасида “Бир макон, бир йўл” ҳамкорлиги” номли археологик кўргазма иш бошлади. Мазкур кўргазмада, жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти тўпламларида сақланаётган 18 та экспонат ҳам намойишга қўйилган.
Пекиндаги Император саройи негизида яратилган, “Тақиқланган шаҳар” номи билан машҳур “Гугун” музейи осмон ости салтанатидаги энг йирик мажмуалардан бири бўлиб, ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган илк хитой иншоотидир.
Демак, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намуналари мана шундай нуфузли масканда халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
2024 йил 5 январга қадар давом этадиган мазкур тадбир Ўзбекистон ва Хитой маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Б.Худойбердиев, ЎзА