Педагогни шогирдларининг ютуқлари руҳлантиради
Педагог шу юртнинг фарзанди сифатида фидокорона меҳнатлари билан Ватанга муҳаббати ва садоқатини исботлаб бораверади. Жумладан, давлатимиз раҳбари белгилаб берган Стратегиямизни амалга оширишда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб боришимиз, олдимизга қўйилган устозлик вазифаларини сидқидилдан якдиллик билан бажаришимиз айни муддаодир.
Шу каби мақсадларда изланишлар олиб бориб, юрт ёшларига таълим бериб келаётган Навоий давлат педагогика институти жамоаси ҳам ислоҳотларга камарбаста ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда институтда 11 та факультет таркибида 26 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Бакалавриат таълим йўналишлари сони 34 тага, магистратура мутахассисликлари сони 18 тага етди. Жорий ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишининг кундузги таълим шаклида янги йўналишлар очилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024/2025-ўқув йилига 3 та талабалар турар жойлари тўлиқ таъмирланди. Уларнинг қулай яшашлари учун барча имкониятлар яратилди, ҳар бир хона, ошхоналар, қўшимча хоналар тўлиқ таъмирланди.
Шунингдек, талабалар уйларида истиқомат қилаётган талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус тўгарак хоналари, кутубхоналар, фитнес заллари ва “workaut” майдончалари учун хоналар, спорт заллар ва майдончалари тайёрланди. Буларнинг барчаси илм олиб, таълим бериш йўлида бел боғлаган келажагимиз ёшлари учун юксак эътибор натижасидир.
Дарҳақиқат, талабаларимиз учун замонавий имкониятлар яратиш ишлари йил сайин кенг тус олмоқда. Замон тўхтаб турмайди. Унга ҳамнафас бўлган инсонларгина илғор жамият яратишда ҳам одимлаб бораверади.
Шу билан бирга, илмий тадқиқот ва инновациялар бўйича педагоглар фаолиятини кенгайтириш ҳам давлатимиз томонидан изчил ислоҳотлар асосида ташкил этиб келинмоқда. Жорий йил 1-ярим йиллигида институтимизда 515 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатиб келаётган бўлса, уларнинг 196 нафари илмий унвон ва илмий даражали профессор-ўқитувчилар, жумладан 21 нафар фан доктори, профессор ва 175 нафар фан номзоди, доцентлардир.
Профессор-ўқитувчиларнинг нашр ишлари ҳам сезиларли даражада ошди, 2024 ўқув йилида 37 та дарслик, 67 та ўқув қўлланма, монография каби 500 дан ортиқ илмий мақолалар тўплами республика ва бошқа халқаро базалардаги журналларда чоп этилди.
Халқаро рейтингда институтимизнинг эътироф этилиши ҳам биз педагогларга берилаётган имкониятларнинг самараси, керак бўлса, халқаро даражадаги эътирофларга лойиқ эканини кўрсатди.
Жумладан, 2024 йилнинг июнь ойида Буюк Британиянинг “Times Higher Education (Impact Rankings) THE рейтинг агентлиги – дунё университетларининг БМТ – “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га мувофиқлигини баҳоловчи глобал рейтингда 17 та йўналиш бўйича Навоий давлат педагогика институти илк бор ТОП – 1000 талик Олий ўқув юртлари қаторида қайд этилди.
Яна бир муҳим жиҳат, бугун юртимиз педагогларини дунё давлатлари тажрибасини ўрганиб, юртимизда жорий этишлари учун алоҳида шароитлар яратилмоқда. Бундан фойдаланган институтимиз ўқитувчиларининг 44 нафари 2024 йилнинг шу даврида хорижий ОТМларда стажировка ўтаб қайтишди. Шунингдек, 18 нафар хорижлик мутахассислар институтда бўлиб, маҳорат дарсларини ўтиб беришди.
Ҳозирги кунга қадар Навоий давлат педагогика институти АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Малайзия, Россия ва бошқа давлатларнинг 30 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан шартномалар имзолаб, таълим соҳасида ҳамкорлик давом этмоқда.
Ҳақиқий педагог нимадан руҳланади, дейишса, ҳеч шубҳасиз шогирдларининг камоли ва ютуқларидан, деб айтиш мумкин.
Парижда бўлган паралимпиада ўйинларида институтимиз битирувчиси Элбек Султоновнинг чемпион бўлиши ҳаммамизни қувонтирди. Унинг ҳам жисмонан ва маънан етук инсон бўлишида институтимиз жамоасининг ҳиссаси катта.
Бугун институтда таълим сифати босқичма-босқич ошириб борилмоқда Режамизга кўра, ўқув тизими, талабаларга хизмат кўрсатиш тизимлари тўлиқ “рақамлаштирилади” ва HEMIS тизими бошқарувига ўтказилади. Бу эса таълим жараёнларига инсон омилининг аралашувига йўл қўймайди. Халқаро стандартларга мослаштирилиб, “кредит-модул” тизимига тўлиқ ўтказилади.
Жаҳоннинг ривожланган ТОП-300 талик рўйхатида турадиган ОТМларнинг ўқув фан ва режалари, дастурлари ўзлаштирилади, таълимнинг янгича технологиялари татбиқ этилади. Бунинг учун эса педагоглардан ҳам замонавий ёндашувларга чин маънода киришиш талаб этилади.
Юрт тараққиёти учун таълимнинг ўрни қанчалик юқори бўлса, бугунги кунларга келиб педагогларга бўлган эҳтиромни ҳам шунчалар юқори бўлиб бораётганига амин бўлмоқдамиз. Ҳар йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”нинг эзгу тилак ва орзулар билан нишонланаётгани ҳам бунга яна бир далилдир.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Алоҳида ўрнак кўрсатган таълим соҳаси ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг барча таълим-тарбия ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этиб, давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Президентимиз тадбирда “Аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак“, дея таъкидлади. Ушбу сўзлар замиридан маълум бўладики, бугун юртимизда таълим-тарбия соҳаси вакилларининг фаровон ҳаёти, меҳнатлари қадрланиши йўлидаги мақсадли ишлар давом этмоқда.
Президентмизнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида “Ўқитувчи касбини жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди“, деди. Бу сўзларни фақатгина шу соҳанинг пасту баландини, машаққатини англаган инсонгина юрагидан ўтказиб айта олади. Биз соҳа ходимлари мамнун бўлишимиз керакки, бугун жамиятнинг энг муҳим қатлами – ёшларнинг келажаги бизнинг зиммамизга ишониб топширилган ва шунга муносиб муносабатлар айнан Президентимиз томонидан таъминланмоқда.
Бу йил “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Конституциямизда белгиланган қоида энди ана шу қонун асосида ишлай бошлайди. “Кимки ўқитувчига босим ўтказиб, унинг касб фаолиятига дахли бўлмаган ишларга, турли мажлисларга жалб этмоқчи бўлса, ана шу қонун асосида жавобгарликка тортилади“, дея давлатимиз раҳбари муҳим ҳужжатлар билан соҳа вакиллари ҳимоясини таъминлади.
Юртимизнинг кейинги тараққиёти айнан таълим тизимига, хусусан, олий таълим муассасалари етиштираётган кадрлар сифатига боғлиқ. Сўнгги йилларда бу борада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Янгидан янги ОТМлар фаолият бошлади, таълим сифати ўзгарди, бир вақтлар ўқитувчининг йўқотилган қадр-қиммати ва ҳурмати тикланди, ҳар жабҳада таълимга ва таълимнинг юраги бўлганларга янги имкониятлар ва имтиёзлар эшиги очилмоқда.
Энди биздан талаб қилинадигани фақат зиммангиздаги бурчни шараф билан ўташ ва “УСТОЗ” аталмиш табаррук номга муносиб бўлишдир.
Президентимиз таъкидлаганидек: “Энг муҳими, ўқитувчи чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади”.
Муҳиддин Калонов,
Навоий давлат педагогика институти ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор