Педагогларнинг тиббий кўригини мунтазам ташкил этиш вақти келди ...
Таълим сифати ҳақида гап кетганда, одатда дарсликлар, педагогларнинг малакаси, замонавий технологиялар, мактабларнинг моддий-техник базаси ва ўқувчиларнинг билим даражаси ҳақида сўз юритамиз. Бироқ таълим жараёнининг энг муҳим иштирокчиларидан бири бўлган педагогнинг соғлиғи масаласига ҳам етарлича эътибор қаратиш зарур.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, педагогларда юқори руҳий зўриқиш, кўп вақт давомида оёқда туриш ва овоз пайчаларининг тинимсиз ишлаши натижасида ўзига хос касб касалликлари ривожланади. Шу сабабли педагогларнинг мажбурий тиббий кўригини ташкил этиш, уни рақамлаштириш ва ушбу жараён устидан назоратни янада такомиллаштириш таълим сифати ҳамда эҳтимолий коррупцион хавфларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатимизда 11 118 та умумий ўрта таълим ташкилоти фаолият юритган. Ушбу таълим ташкилотларида 577,7 минг нафар ўқитувчи меҳнат қилган.
Бу рақамлар ортида юз минглаб инсонларнинг кундалик меҳнати ва миллионлаб ўқувчиларнинг таълим-тарбияси турибди. Шундай экан, педагогнинг соғлиғини назорат қилишни фақат тиббиёт тизимининг вазифаси сифатида эмас, балки таълим сифати, ўқувчилар хавфсизлиги, меҳнат унумдорлиги ва инсон капитали билан боғлиқ масала сифатида кўриш лозим.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги ЎзХДП депутати Муҳсиддин Низомиддинов фикрига кўра, умумтаълим мактабларининг педагоглари мажбурий даврий тиббий кўрикдан йилига бир марта ўтиши белгиланган. Мазкур талабнинг асосий мақсади шунчаки “соғлом” деган маълумотнома олиш эмас, балки педагог саломатлигидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, зарур тиббий тавсиялар бериш ва тегишли чораларни кўришдан иборат.
Шу ўринда муҳим савол туғилади: педагогнинг қўлида тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат бўлиши унинг ҳақиқатан ҳам барча зарур тиббий текширувлардан ўтганини англатадими?
Айнан шу савол мажбурий тиббий кўрик тизимини янада такомиллаштириш заруратини кўрсатади. Бу ерда масала маълумотноманинг ўзида эмас, балки уни расмийлаштириш жараёнининг қанчалик шаффоф ва ишончли ташкил этилганидадир. Агар педагог тиббиёт муассасасига амалда бормасдан ёки зарур текширувларнинг барчасидан ўтмасдан туриб тегишли тиббий хулосага эга бўлиш имкониятига эга бўлса, тиббий кўрикнинг асл мақсади тўлиқ таъминланмаслиги мумкин.
– Айрим ҳолатларда норасмий тўловлар орқали белгиланган тартибни четлаб ўтиш имконияти пайдо бўлиши ҳам коррупцион хавф нуқтаи назаридан эътиборга молик масаладир, – дейди депутат Муҳсиддин Низомиддинов. – Бу ерда гап 50, 100 ёки 150 минг сўм каби маблағ миқдорида эмас. Асосий эътиборни қонуний ва белгиланган тартиб ўрнига норасмий усулларга мурожаат қилиш амалиёти шаклланиб қолишининг олдини олишга қаратиш лозим.
Коррупцион хавфлар ҳар доим ҳам катта маблағлар билан боғлиқ бўлавермайди. Айрим ҳолатларда “шу ишни тезроқ битириш учун озгина пул бериб қўя қолай” деган ёндашув ҳам қонуний тартибларни четлаб ўтишга нисбатан муросали муносабатни шакллантириши мумкин. Бундай ҳолатлар такрорланиши эса вақт ўтиши билан тизимда ишонч ва шаффофликка салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу сабабли маиший коррупцион хавфларнинг олдини олиш фақат йирик коррупцион ҳолатларга эътибор қаратиш билан чекланмасдан, кичик кўринган, аммо такрорланиши натижасида тизимли муаммога айланиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳам барвақт аниқлаш ва бартараф этишни талаб қилади.
Масаланинг яна бир муҳим томони ушбу жараённинг таълим сифатига эҳтимолий таъсиридир. Албатта, тиббий кўрикдан сифатли ўтмаган ҳар бир педагогнинг дарс сифати паст бўлади, деган хулосага келиш тўғри эмас. Бироқ соғлиқ билан боғлиқ айрим муаммолар ўз вақтида аниқланмаса, инсоннинг иш қобилияти ва кундалик фаолиятига таъсир қилиши мумкин.
Доимий чарчоқ, овоз билан боғлиқ муаммолар, турли касалликлар, руҳий зўриқиш ва бошқа соғлиқ муаммолари педагогнинг касбий фаолиятида муайян қийинчиликларни юзага келтириши эҳтимоли мавжуд. Шу нуқтаи назардан, педагог саломатлиги, унинг меҳнат қобилияти ва дарс жараёни самарадорлиги ўртасида муайян боғлиқлик мавжуд.
Демак, тиббий кўрикни сифатли, шаффоф ва замонавий талаблар асосида ташкил этиш нафақат педагоглар саломатлигини муҳофаза қилиш, балки таълим сифати, ўқувчилар хавфсизлиги ва тизимдаги ишончни мустаҳкамлашнинг ҳам муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Бугунги кунда яна бир муҳим масалани ўртага қўйиш лозим: педагог тиббий кўрикдан белгиланган тартибда ва тўлиқ равишда ўтдими? Қоғоз шаклидаги маълумотнома бу саволга ҳар доим ҳам тўлиқ жавоб бермаслиги мумкин. Педагог тиббиёт муассасасига борганми? Барча зарур шифокор кўригидан ўтганми? Лаборатория текширувларини топширганми? Тиббий хулоса айнан шу шахсга тегишлими? Бошқа шахснинг унинг ўрнига кўрикдан ўтишига йўл қўйилмаганми?
Шу нуқтаи назардан, назоратнинг асосий мезони фақат “маълумотнома мавжудлиги” эмас, балки “тиббий кўрикнинг амалда ва белгиланган талаблар асосида ўтказилгани” бўлиши мақсадга мувофиқ.
Бу борада замонавий рақамли технологиялар янги имкониятлар яратиши мумкин. Масалан, “Электрон педагог тиббий кўрик” тизимини жорий этиш орқали ҳар бир педагогнинг мажбурий тиббий кўриги ягона электрон тизимда қайд этилиши мумкин. Унда кўрикдан ўтган сана, тиббий муассаса, зарур текширувларнинг бажарилганлиги ва навбатдаги кўрик муддати каби маълумотлар электрон тарзда юритилиши мумкин.
Бунда, албатта, педагогнинг тиббий сири ва шахсий маълумотлари қатъий ҳимоя қилиниши шарт. Мактаб раҳбариятига педагогнинг ташхислари ёки бошқа махфий тиббий маълумотларини тақдим этиш талаб этилмаслиги керак. Унга фақат педагогнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтган ёки ўтмаганлиги ҳамда навбатдаги кўрик муддати ҳақидаги зарур маълумотни кўрсатишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин.
Электрон тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — педагог шахсини ишончли идентификация қилиш имкониятидир. Тиббиёт муассасасига келган шахснинг ID-карта ёки бошқа қонуний идентификация воситаси орқали шахси тасдиқланса, бир педагог ўрнига бошқа шахснинг кўрикдан ўтиши эҳтимолини камайтириш мумкин.
Жараённи нисбатан содда тартибда ташкил этиш мумкин: педагог шахсини тасдиқлайди, тиббий кўрикдан ўтади, тегишли натижалар электрон тизимга киритилади ва таълим ташкилотига кўрикдан ўтилганлиги тўғрисида электрон тасдиқ юборилади.
Бундай ёндашув қоғозбозликни камайтириш, инсон омилига боғлиқ айрим жараёнларни қисқартириш ва назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Масаланинг молиявий жиҳати ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Йилига юз минглаб педагог мажбурий тиббий кўрикдан ўтадиган тизимда давлат маблағларидан фойдаланишнинг шаффофлиги муҳим аҳамият касб этади. Бир йилда қанча педагог тиббий кўрикдан ўтказилгани, бунинг учун қанча маблағ сарфлангани, бир нафар педагог учун ўртача харажат қанча бўлгани ва хизматларни қайси тиббиёт муассасаларида кўрсатгани ҳақидаги умумлаштирилган статистик маълумотларни очиқлаш жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, педагогларнинг йиллик тиббий кўригини янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни билан мувофиқлаштириш имкониятини ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан ўрганиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бунда асосий мақсад педагогга қўшимча бюрократик юклама юклаш эмас, балки янги ўқув йилини тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтган педагоглар билан бошлаш учун қулай шароит яратишдан иборат бўлиши керак.
Муаммони такомиллаштириш йўналишида, аввало, педагогларнинг мажбурий тиббий кўригини электрон назорат қилиш имконини берувчи ягона тизим яратиш, тиббий кўрикка келган педагогнинг шахсини ишончли идентификация қилиш, қоғоз маълумотномалардан электрон тасдиқлаш тизимига босқичма-босқич ўтиш, навбатдаги кўрик муддати яқинлашганда автоматик электрон хабарнома юбориш, эҳтимолий қоидабузарлик ва коррупцион хавфларни аниқлашга қаратилган электрон мониторинг механизмларини жорий этиш ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тиббий кўриклар бўйича умумлаштирилган статистик маълумотларни очиқлаш каби чораларни кўриб чиқиш мумкин.
Бугун мактабларда электрон кундалик, электрон ҳужжат айланиши ва рақамли таълим технологиялари тобора ривожланиб бормоқда. Шундай экан, педагогларнинг мажбурий тиббий кўригини ҳам замонавий рақамли тизимга ўтказиш масаласини кун тартибига қўйиш вақти келган, деб ҳисоблаш мумкин.
Чунки масала фақат “тиббий маълумотнома борми?” деган савол билан чекланмаслиги керак. Асосий эътибор “педагог тиббий кўрикдан ҳақиқатан ҳам ўтдими?” деган саволга ишончли ва шаффоф жавоб бериш имкониятини яратишга қаратилиши лозим.
Бундай тизимнинг жорий этилиши, аввало, тиббий назорат сифатини ошириш, қоғозбозликни камайтириш, шахсни идентификация қилиш билан боғлиқ жараёнларни такомиллаштириш ва турли қоидабузарликларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин. Шу билан бирга, эҳтимолий маиший коррупцион хавфларни камайтириш учун ҳам қўшимча шароит яратилади.
Энг муҳими, бундай ёндашув педагогларнинг соғлиғини ўз вақтида назорат қилиш, улар учун қулай ва шаффоф жараённи шакллантириш ҳамда таълим тизимида рақамлаштириш имкониятларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА