Педагог кадрлар тайёрлашда халқаро тажрибанинг ўрни юқори
Мамлакатимиздаги кўплаб олий таълим муассасалари тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик борасида замонавий ёндашувлар асосида юқори натижаларга эришиб келмоқда. Мазкур жараён илмий салоҳиятни ошириш, халқаро рейтинглардаги ўринларни мустаҳкамлаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини оширмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 28-апрелда қабул қилинган “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони салоҳиятли кадрлар тайёрлашда дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Унда таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни мақсадларда алоҳида ёндашув замонавий ёндашув асосида кадрлар тайёрлаб келаётган Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети бугунги кунда 20 та давлатнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Мазкур олий ўқув юрти, Буюк Британия, Россия, Хитой, Корея, Германия ҳамда қўшни давлатлар олий таълим ташкилотлари билан соҳа йўналишида 100 дан ортиқ ҳамкорлик келишувларига эришди.

Жорий йилда олий таълим йўналишида дунёнинг топ 500 талик рўйхатидан ўрин олган Малайзия, Япония, Чехия, Швейцария, Италия, Франция, Германия, Голландия ва Финляндия университетлари билан ҳам ана шундай ҳамкорлик режалаштирилган.
Ўтган йили илмий-академик ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Италиянинг Тренто университети Психология ва когнитив фанлар департаменти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Меморандумда талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, психология, педагогика, инклюзив таълим ва инновацион методика таълим йўналишларида профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда PhD докторантура учун қўшма илмий раҳбарлик ва ҳимоя дастурларини очиш, магистратура таълимида дуал моделни йўлга қўйиш, талабалар учун ёзги мактаблар ташкил этиш масалалари келишилган эди. Яқинда ҳамкорлик доирасида Италиянинг Тренто университети раҳбарияти бошчилигидаги делегация ушбу университетга ташриф буюрди.
Икки томон вакиллари Cotutelle дастурлари доирасида Тренто университетида 6 ойлик илмий дастурларда таҳсил олаётган PhD талабалар сонини ошириш, бакалавриат ва магистратура босқичларида академик мобилликни йўлга қўйиш, каби кўплаб лойиҳалари доирасида келишиб олишди.
Жорий йилнинг март ойида эса Амалий психология кафедраси профессор-ўқитувчилари Тренто университетида ташкил этилган малака ошириш дастурида иштирок этиб, ушбу нуфузли олий таълим муассасасининг PhD босқичига муваффақиятли қабул қилинди.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, Тренто университети дидактика, тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик борасида юқори натижаларга эга бўлиб, Европа ва бутун дунё бўйлаб 400 дан ортиқ университетлар билан мобиллик дастурлари, ёзги ва қишки мактаблар ҳамда қўшма ўқув лойиҳалари орқали ҳамкорлик қилади.
Яна бир муҳим жиҳат, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ўтган йили Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларининг турли олий ўқув юртлари билан имзоланган меморандумлар доирасида 150 нафарга яқин талаба академик мобиллик бўйича таълим олди
Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия давлатларида ташкил этилган халқаро конференцияларда иштирок этди.
Шу билан бирга, Буюк Британиянинг нуфузли таълим муассасалари — The University of Cambridge va The University College London билан меморандум имзоланди ва стратегик ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, 30 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар уларда стажировка ўтади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, турли давлатлар билан таълим соҳасида ўрнатилаётган бу каби ҳамкорликлар талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг илғор салоҳиятга эга бўлишларида, инновацион ёндашувлар асосида тажриба орттиришларида муҳим асос саналади. Бу эса глобаллашаётган дунёда рақобатбардош кадрлар етиштиришни оширишга хизмат қилади.
Мансур Ҳасанов,
ЎзМПУ Ахборот ва медиа
хизмати масъул ходими