Педагог доим ўз устида ишлаши керак
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармасида анъанавий август конференцияси доирасида “Фарғона вилоятида мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуида тадбир ўтказилди.
Таъкидланганидек, мактабгача таълим муассасаларида мулкчилик шаклидан қатъий назар, болани мактабга тайёрлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш талаб этилади. Таълим сифатини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири билимли педагоглар жамоасини шакллантиришдир. Педагогларнинг касбий маҳорат даражасини ошириш, ходимнинг психологик билимга эга бўлиши, бола билан муносабатга киришиши ва унинг ривожланиши, соғлиги, дунёқараши ва бошқа хусусиятларидан қатъий назар ҳар жиҳатдан камол топишига кўмаклашиши лозим бўлади. Бунда педагоглар муттасил ўз устида ишлаши ва фаолиятини танқидий таҳлил қилиб бориши зарур.
[gallery-8340]
– Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қўқон ва Марғилон педагогика коллежи базасида Мактабгача таълим кластери ташкил этилди, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдуз Хўжаева. – Шунингдек, йил давомида Инвестиция дастури доирасида 16 та ва “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 17 та, жами 33 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бу ишлар учун жами 108,1 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Тадбир давомида ютуқлар билан биргаликда соҳада йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳудудларда 3-7 ёшли болаларнинг қамрови етарли даражада эмаслиги, мактабгача таълим ташкилотларининг 124 таси таъмирталаб ҳолатда эканлиги айтиб ўтилди.
2021/2022 ўқув йили давомида мактабгача таълим тизими ривожидаги муносиб ҳиссаси, келажак авлодни тарбиялашдаги шарафли меҳнати ҳамда эришган ютуқлари учун вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутахассиси Музаффар Аҳмедов, Олтиариқ мактабгача таълим ташкилоти бўлими раҳбари Холисхон Апандиева, Ёзёвон мактабгача таълим ташкилоти бўлими раҳбари Хонзода Саримсоқова ва Бешариқ тумани 6-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Нилуфар Исақова вазирликнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Тадбир иштирокчиларига китоб жамланмалари совға қилинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА