Педагог аттестациядан неча балл тўпласа малака тоифаси сақланади ёки ошади?
Қонунда мавжуд тартибга асосан, ўқитувчининг малака тоифаси нафақат унинг касбий маҳоратини, балки меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини ҳам белгилайди.
Шу боис аттестацияда тўпланган ҳар бир балл муҳим: айрим ҳолларда бир неча балл фарқи юқори тоифани сақлаб қолиш ёки қуйи тоифага тушишга сабаб бўлиши мумкин.
Хўш, педагоглар қайси натижа билан аттестациядан ўтади, малака тоифасини ошириш учун қанча балл керак ва имтиҳондан етарли балл тўплай олмаганларни қандай ўзгаришлар кутмоқда?
Мазкур савол борасида соҳа масъуллари қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори, педагог кадрларнинг аттестация натижалари уларнинг амалдаги малака тоифаси ёки лавозимидан келиб чиқиб баҳоланади. Қайд этилишича, олий малака тоифасига эга педагоглар учун асосий чегара — 80 балл. Икки босқич натижалари бўйича 80 балл ёки ундан юқори кўрсаткич тўплаган педагогнинг олий малака тоифаси сақланади. 80 баллдан кам натижа қайд этилса, навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилганлар бундан мустасно, у биринчи малака тоифасига туширилади.
Аслида қайси тоифа учун неча балл керак?
Олий малака тоифали ёки бош ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр иккита босқич натижаларига кўра:
80 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) сақланган;
80 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, биринчи малака тоифасига (етакчи ўқитувчи лавозимига) туширилган (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно);
Биринчи малака тоифали ёки етакчи ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр иккита босқич натижаларига кўра:
80 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) берилган;
70 баллдан 79 баллгача кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) сақланган;
70 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, иккинчи малака тоифасига (катта ўқитувчи лавозимига) туширилган (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно);
Иккинчи малака тоифали ёки катта ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр иккита босқич натижаларига кўра:
70 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) берилган;
60 баллдан 69 баллгача кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) сақланган;
60 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига туширилган (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно);
Мутахассис ёки олий маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр иккита босқич натижаларига кўра:
60 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) берилган;
55 баллдан 59 баллгача кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган;
55 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно) ҳисобланади.
Қарорда педагогларни ҳимоя қилувчи муҳим қоида ҳам бор. Навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог белгиланган натижага эриша олмаса, унинг малака тоифаси пасайтирилмайди ва у лавозимига номувофиқ деб ҳисобланмайди. Бу қоида навбатдан ташқари аттестацияда қатнашган педагогнинг натижаси паст бўлган тақдирда ҳам амалдаги тоифаси ёки лавозимини сақлаб қолишини англатади.
Бир неча балл бутун натижани ўзгартириши мумкин
Масалан, биринчи малака тоифасидаги педагог 79 балл тўпласа, амалдаги тоифаси сақланади. 80 балл тўпласа эса олий малака тоифасига эга бўлиши мумкин. Иккинчи тоифадаги педагог учун эса 69 ва 70 балл ўртасидаги фарқ биринчи тоифага кўтарилишни белгилайди. Демак, аттестацияга тайёргарлик кўришда фақат имтиҳондан ўтишни эмас, балки кейинги малака босқичига олиб чиқадиган балл чегарасини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу мезонлар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарорида келтирилган қоидалар асосида баён этилди. Амалдаги тартиб ва кейинги ўзгаришларни расмий манбалар орқали текшириш тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА