Пайвандчилар “dual” таълим асосида ўқитилмоқда
“Қуюв-механика заводи” акциядорлик жамиятида Тошкент давлат транспорт университети филиали базасида пайвандлашга ихтисослашган ўқув маркази очилган эди.
Марказ юқори малакали, маҳоратли, пайвандлаш соҳасида профессионал мутахассисларни “dual” таълим тизимида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган.
Марказ 2025 йил бошидан яна 100 нафар тингловчини қабул қилди. Бу ерда замон талабларига мос юқори малакали пайвандлаш мутахассисларини тайёрлашда назарий ҳамда амалий машғулотлар самарали ташкил этилган. Ўқув курслари концепцияси хорижнинг турдош, ихтисослаштирилган марказлари ўқув дастурлари асосида ҳамда иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари бўйича ишлаб чиқилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 150 нафар тингловчи таҳсил олиши мумкин. Таълим жараёнига Тошкент давлат транспорт университети махсус кафедраларидан ҳамда саноат корхоналаридан тажрибали, профессионал мутахассислар жалб этилган. Шунингдек, хорижий профессор-ўқитувчилар ҳам тингловчиларга касб сирларини ўргатмоқда.
[gallery-21176]
Назарий таълим жараёнини ташкил этиш учун марказда 5 та замонавий ўқув аудиториялари, амалий машғулот учун 13 та пайвандлаш постидан иборат ўқув полигони ва замонавий жиҳозланган ахборот-ресурс маркази, кутубхона ҳамда профессор-ўқитувчилар хонаси мавжуд. Тингловчилар турар жой 73 та хонадан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 150 нафар тингловчига мўлжалланган.
Ўқув жараёнининг давомийлиги – 12 ҳафтани ташкил этади. Тингловчилар 4 ҳафта назарий ва 8 ҳафта амалий машғулотларда қатнашади. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга Тошкент давлат транспорт университети ва Гомель давлат техника университети ҳамкорлигида ташкил этилган МДҲ мамлакатларида тан олинадиган Халқаро сертификат берилади. Сертификат эгалари нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам профессионал мутахассис сифатида ишлаши мумкин.
Рустам Ҳайдаров, ЎзА