Пахтакорлик вице-чемпион овоз берди
Республикамизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятининг олис Бахмал туманида жойлашган сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Президентилигига муносиб номзодни сайлаш учун овоз бериш жараёнлари қизғин ўтмоқда.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, 54 килограмм вазн тоифасида Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, Пахтакор туманида яшовчи Ойбек Жўраев ушбу сайловларда Бахмал туманидаги тоғлар бағридаги қалин арчазор билан қопланган “Тераклисой” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 79-сайлов участкасидан ўзи муносиб деб билган номзод учун овоз берди.
Маълумот ўрнида, Ойбек Жўраев жорий йилнинг 30 апрелидан 14 май кунлари давомида мамлакатимиз пойтахтида биринчи маротаба ўтган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўз вазн тоифасида мамлакат терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Дунёнинг 100 дан ортиқ давлат терма жамоаларининг энг номдор боксчилари ғолиблик учун рингга кўтарилган мазкур нуфузли мусобақада Ойбек Жўраев 54 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этиб, мусобақанинг кумуш медали ва жаҳоннинг вице-чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
Эътиборлиси, Ойбек Жўраев мана 3 кундирки, Бахмал туманининг сўлим “Тераклисой” МФЙ ҳудудидаги дам олиш меҳмон уйларидан бирида навбатдаги нуфузли халқаро мусобақаларга индивидуал тарзда, мураббийларининг кўрсатмаларига асосан тайёргарлик машқларини олиб бормоқда. Шу сабабдан ҳам сайловда иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчини Бахмал тумандаги 79-сайлов участкасида адо этди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, мамлакатда жисмоний тарбия ва спорт ривожи учун, келажагимиз, эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз учун, Янги Ўзбекистоннинг равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшадиган ва ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим, – дейди Ойбек Жўраев. – Барча юртдошларимни ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этишга ва ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришга чорлайман.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА