“Пахтакор”дан узоқ кутилган ғалаба
Футбол бўйича мамлакатимиз Суперлига баҳсларининг 20-тури “Пахтакор“ – “Олимпик“, “Андижон“ – “Нефтчи“ жамоалари баҳси билан бошланди.
Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтказилган Тошкент дербисида “Пахтакор“ ва “Олимпик“ жамоалари баҳси бўлиб ўтди. Мазкур ўйинда “Пахтакор” рақиб дарвозасига жавобсиз 6 та тўп киритиб, муҳим уч очкога эга чиқди. Шу тариқа, “шерлар“ турнир жадвалида 32 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олди. “Олимпик“ эса 21 очко билан 10-поғонага тушиб кетди.
“Бобур арена” стадионида ўтказилган “Андижон“ – “Нефтчи“ ўртасидаги водий дербисида ҳисоб очилмади. Натижада ҳар икки жамоа бир очкодан бўлишиб олди.

Бугун, 26 сентябрь куни Суперлигада “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”, “Динамо” – “Сурхон” клублари ўзаро рақобатлашади. Ушбу ўйинлар бир вақтда, соат 18:30 да бошланади.
Бу турнинг марказий учрашуви дея эътироф этилаётган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” учрашувига “Марказий” стадион мезбонлик қилади.
Мазкур клублар Ўзбекистон чемпионатлари доирасида ўзаро 57 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 27 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 22 та баҳсда зафар қучган, 8 та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатида 95/65 наманганликлар фойдасига.

“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган бўлиб, унда “лочинлар” 7:0 ҳисобида ғалабани нишонлаган. Шунингдек, Намангандаги ўйинларнинг 21 тасида “Навбаҳор” футболчиларининг қўли баланд келган, 2 та ўйинда эса мағлубият аламини тотган. 5 та баҳсда жамоалар дурангга имзо чеккан.
Мазкур жамоаларнинг 1-даврада бўлиб ўтган баҳсида “Сўғдиёна” 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.
Бу галги учрашувни Достон Раҳмонов бош ҳакам сифатида бошқарса, қанотларда Никита Афиногенов ва Амир Галеев ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Рустам Чориев ишлайди. Шунингдек, VARда Найим Қосимов, АVARда Ришат Нугманов фаолият кўрсатади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА