“Пахтакор” очколарини 21 тага етказиб олди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 8-туридан ўрин олган навбатдаги баҳслар ўз якунига етди. Унда кутилганидек фаворит жамоалар ўзлари учун муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Хусусан, Тошкентда ўтган "Пахтакор" ва "Динамо" клублари ўртасидаги ўйин 4:2 ҳисобида якунланди. Учрашувда ҳисоб 9-дақиқада Достон Ҳамдамов томонидан очилган бўлса, 22-дақиқада Башар Ресан пойтахт клубининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бироқ меҳмонлар биринчи бўлим якунига қадар Анвар Ҳожимирзаев ва Азизбек Амоновнинг голлари эвазига ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Иккинчи бўлимнинг бошланишидан ҳужумга эътибор қаратган “Пахтакор” ўйин тизгинини буткул қўлга олди. Натижада 60-дақиқада Д.Ҳамдамов пенальтидан гол урди. Орадан 11 дақиқа ўтиб, Б.Ресан ҳам ўзининг иккинчи голини нишонлади.
Шу тариқа, Камолиддин Тожиев шогирдлари очколари сонини 21 тага етказиб, мусобақа жадвалида пешқадамлигини сақлаб қолди.

Фарғонада ўтган "Нефтчи" ва "Насаф" жамоалари баҳсида 2:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, "Машъал" клуби ўз уйида "Хоразм"ни қабул қилиб, 0:1 ҳисобида енгилди. Қайд этилган натижадан сўнг, “Нефтчи” 21 очкога эга бўлди. "Хоразм" эса 12 очко жамғариб, "Насаф"га етиб олди. "Машъал" ҳамон очкосиз қолмоқда.
Суперлиганинг 8-тур баҳслари бугун, 19 апрель куни ўз якунига етади. Унда дастлаб соат 16:00 да "Сўғдиёна" ва "Бунёдкор" жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. "Қўқон-1912" эса ўз майдонида "Андижон"ни қабул қилади. Мазкур ўйин соат 18:15 да бошланади.

Маълумот учун,
“Қўқон-1912” ҳамда “Андижон” жамоалари чемпионатлар мобайнида жами 30 маротаба тўқнаш келган бўлиб, ушбу ўйинларда “Андижон” 10, “Қўқон-1912” эса 11 маротаба зафар қучган. Қолган 9 та ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 49\42, “Андижон” фойдасига.
Ўтган йили биринчи даврада Қўқондаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, Андижонда эса мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Айни дамда Суперлига жадвалида “Қўқон-1912” 7 очко билан 13, “Андижон” 6 очко билан 14-поғонада бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА