Пахта майдонида илм ва тажриба уйғунлашди
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида пахтачилик соҳасида юқори ҳосилдорликка эришиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш ва замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Сайхунобод тумани ва унга яқин ҳудудлардаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, агрономлар, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, олимлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Амалий мулоқот шаклида ташкил этилган семинарда пахта етиштиришда юқори натижаларга эришишнинг муҳим омиллари — илмий ёндашув, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида “Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни” асосида ғўза парваришининг бугунги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, суғориш ва озиқлантириш тизимини тўғри йўлга қўйиш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳосилдорликни оширишнинг илмий асослари ҳақида сўз юритилди.

Мутахассислар томонидан дала шароитини чуқур ўрганган ҳолда агротехник тадбирларни режалаштириш, сув ва минерал ўғитлардан меъёр асосида фойдаланиш, ғўзанинг ривожланиш босқичларига мос парвариш ишларини ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, унда қишлоқ хўжалигидаги замонавий илмий изланишлар натижалари ҳам тақдим этилди. Жумладан, микропластик ифлосланиш, антибиотикларга чидамлилик муаммоси ва кремний ўғитларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича маҳаллий олимларнинг илмий ишланмалари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада илмий ёндашувни кучайтириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
— Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш, аввало, илмий асосланган ёндашув, замонавий технологиялар ва меҳнатни тўғри ташкил этишга боғлиқ. Ҳар бир жараённи ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали мўл ва сифатли ҳосилга эришиш мумкин, — деди вазир.

Тадбир якунида фермерлар ва соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга олимлар ва мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар келгусидаги ишлар учун муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Мазкур амалий семинар илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фермерларни замонавий билим ва илғор тажрибалар билан бойитиш, пахтачиликда юқори самарадорликка эришиш учун муҳим замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА