Пашиняннинг истеъфоси муқаррар
«Ким Шушага эгалик қилса, у Қорабоғга хўжайинлик қилади» — бу ибора Арманистонда ҳам, Қорабоғда ҳам урфга кирган.
Озарбайжон ҳам мазкур қадимий, тоғли қалъа шаҳарнинг ҳарбий, тарихий ва рамзий аҳамиятини жуда яхши ҳис қилади.
1992-1994 йиллардаги Қорабоғ урушида арман қўшинларининг забт этиб бўлмас қалъани ишғол қилиши можарода туб бурилиш ясаб, қарама-қаршилик тақдирини ҳал қилди. Шу кунларда ҳам Шуша шаҳри урушга нуқта қўйди.
2020 йилги Қорабоғ урушининг 44 кунида Шуша Озарбайжон армиясининг назорати остига ўтди. Бунинг ортидан Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳукумати деярли капитуляция бўлди ва арманлар учун номақбул шартлар асосида шошилинч ярашув битими имзоланди.
Арман кучларининг Қорабоғ урушида мағлубиятга учраши ва Арманистонда таслим бўлишга тенг деб баҳоланаётган уч томонлама келишув кутилганидек, мамлакатда сиёсий инқироз ва ижтимоий портлашга олиб келди.
Ереванда норозиликлар тинмаяпти. Халқнинг қаҳр ғазабидан беркиниб олган, фақат Фейсбук орқали баёнотлар тарқатиб келган бош вазир Никол Пашинян юзага келган муаммода атрофдаги барчани айблаш билан овора.
Мухолифат бор кучи билан уни ағдариб ташлашга уринмоқда, аммо Пашинян сафдошлари ҳокимиятни топширишни истамаяпти. Норозиларни тарқатишга, қўлга олишга зўр беришмоқда. Айримлар назарида, мамлакат фуқаролар уруши остонасида турибди.
Бундан 25 йил илгари Озарбайжон қуролли кучлари урушни бой берганда, бу республика ҳам фуқаролар уруши ёқасига келиб қолганди. Мана энди 10 ноябрдан бери Арманистон халқи ҳам миллий фожиани бошдан ўтказмоқда.
Арман-рус-озар уч томонлама баёнотини Арманистонда тўлиқ мағлубият сифатида қабул қилинмоқда. Бу вазиятга берилаётган чинакам баҳо. Чунки Озарбайжонга нафақат Қорабоғни ўраб турган, 1993 йилларда арман кучлари томонидан эгалланган, «хавфсизлик камари» номини олган туманлар, балки Қорабоғ ҳудудининг муайян қисми ҳам қайтарилди.
Тарқоқлик, ички зиддиятлар, ҳарбий қўмондонликнинг очиқчасига бепарволиги улкан инсоний ва техникавий талафотларга олиб келди.
Энди Ереван кўчаларига чиққан халойиқ қанчалик дод демасин, арман ҳарбий кучлари айни вақтга келиб лаёқатини йўқотиб бўлган. Боз устига, арманларнинг ўч олиши йўлига турк-озарбайжон тандемидан ташқари, Россия тинчликпарвар кучлари тўсиқ бўлиши муқаррар.
«Агар ҳарбий ҳаракатлар давом этганида, Степанакерт, Мартуни, Аскеран ҳам қўлдан кетарди. Охир-оқибатда минглаб аскарларимиз қамалга тушиб қоларди. Биз бу келишувни имзолашга мажбур бўлдик», деб такидлаган Пашинян халққа қилган мурожаатида.
Энди у сиёсий арбоб эмас, балки Қорабоғни душманга топширган киши сифатида тарихга кирди. Арманистонда уни ҳеч ким кечирмайди. Тобора бўй кўрсатаётган давлат тўнтаришининг олдини олиш мақсадида расмийлар мамлакатдаги ҳарбий ҳолат режимини бекор қилишга шошилаётгани йўқ.
Фейсбукда Пашинянни кузаётганлар сони анча кам, ундан кўра, кўчадаги одамлар кўп, бу жараёнларга бош вазир ҳалал беришга қодир эмас.
Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш шароитида ҳарбий ҳолат режими ҳукмрон партиянинг сиёсий қуроли сифатида кўрилмоқда.
Митинглар тарқатилаяпти, негаки, фавқулодда ҳолат қоидалари бўйича улар таъқиқланган. Полиция митингларни тарқатаётган бўлсада, кўчага чиқиш иштиёқидагилар сони камаяётгани йўқ. Аввалига 17 та сиёсий партия ва ҳаракатлар 11 ноябрь куни митинг ўтказди. Аниқ, тушунарли дастур бўлмаганидан митинг кутилган натижани бермади.
Мухолифат етакчиларининг айримларини Миллий хавфсизлик хизмати қўлга олди, аммо парламент қаршисидаги майдонда йиғилганларга тегилмади. 16 ноябрь куни ҳам воқеа такрорланди.
Уларга халал беришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади. Намойишчиларнинг талаби битта — «Пашиняннинг истеъфоси».
Моҳиятан, бу ҳокимиятнинг буткул алмашинувини англатади, ҳар ҳолда Пашинян – бунда марказий фигура. Ҳукмрон элитадаги қолган одамлар — унинг сафдошлари ва ҳаммаслакларининг шахсий сиёсий вазни нолга тенг.
Парламентдаги унинг «Менинг қадамим» блоки фракциясининг ярми 2018 йилда у билан кўчаларга чиққани сабабидан у ерда ўрнашиб қолган тасодифий одамлардир. Энди уларнинг барчаси оғзига талқон солиб олган, шунинг учун Пашинян ўзининг шахсий медиа ресурсидан фойдаланиб, одамларга нега баёнотни имзолашга мажбур бўлганини тушунтиришга зўр бераяпти. Олдинги ҳукуматга қарши қилган ишлари бугун ўзига қайтаётгандек.
Норозилар 2,5 йил аввалги Пашинян ҳунарларини ўзига қайтара бошлади — кўчалар бўйлаб юришлар авжида, майдонлар тўлиб-тошган, йўллар беркитилган. Ҳокимият намойишчиларга қарши куч қўллагудек бўлса, шу заҳоти ҳукуматнинг ички ва ташқи дунёдаги обрўйига зиён етади.
Буни тушунган Никол Пашинян жавобгарликни ўзидан соқит қилиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизматини сиёсий қатағонга жалб этмоқчи.
Бу ҳақда бир неча кун аввал истеъфо берган Миллий хавфсизлик ҳимматининг директори вазифасини бажарувчи Микаел Амбарсумян 12 ноябрь куни тўғридан-тўғри баёнот берди.
Полковник сиёсий рақиблар оғзини ёпиш уринишидек виждонсизлик ишида қатнашмаслик учун хизматдан кетганини хабар қилди. Унинг ортидан шу кунларда икки нафар вазир истеъфо берди.
Аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнатсаканян истеъфога чиққанини маълум қилганди. Унинг ортидан фавқулодда вазиятлар вазири Феликс Солакян ҳам истеъфо берди. Бу ҳукумрон режимнинг куни битиб бораётганини кўрсатмоқда.
Унинг истеъфога чиқиши бериши ҳам вақт масаласи. Савол шундаки, унинг ўрнини ким эгаллайди. Пашинянга қарши чиққан 17 та сиёсий партия тезиси жарангдор янграши мумкин, аммо уларнинг на дастури, на ғояси бор. Уларни том маънодаги сиёсий партиялар деб ҳам бўлмайди.
Кўпчилиги бир неча фаоллардан иборат тушунарсиз тузилмалар. Ўч олиш истагида куйиб ёнаётганлар эса Пашинянгача бўлган ҳокимият унсурлари.
Улар халқ ишончидан қолган. Қисқа айтганда, коррупция ботқоғига ботган бу ҳокимиятни 2018 йилда Пашинян бошчилигида кўчага чиққан юз минглаб одамлар сиёсат майдонидан супуриб ташлади.
Аслида уларда ҳам тайинли дастур йўқ. Уларнинг тезислари «Дашноқсутюн» миллатчи партияси вакиллари томонидан илгари сурилган тўртта талабга олиб боради: Пашиняннинг истеъфоси, ватанни қутқариш бўйича қўмита тузиш, Қорабоғ бўйича музокараларда миллий етакчини алмаштириш ва янги ватанни шакллантиришда қадамба-қадам жараёнлар.
Президент Армен Саркисян эса бош вазир Никол Пашинян истеъфога чиқиши муқаррар эканини, Арманистон урушда жанг майдонида ҳам, дипломатия ва халқаро майдонда ҳам ютқазганини таъкидламоқда.
Шу боисдан давлат раҳбари билан учрашган турли жамоатчилик ва сиёсий кучлар вакиллари бир овоздан Бош вазир истеъфога чиқишини ёки Конституцияга мувофиқ унинг ваколатлари тўхтатилиб, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини талаб этмоқда.
Қорабоғнинг ўзида аҳвол бундан оғир. Одамлар ўз яқинларини дафн этишга киришган, Арманистондаги сиёсий жанжалларнинг уларга қизиғи йўқ энди, улар бор-будидан айрилди.
Айримлари блокпостларда туриб олган, кетишни истамайди. Ҳатто 10 ноябрь шомгача улар Шуша шаҳри остоналарида жанг қилишди. Аммо ҳамма жароҳатларни вақт даволайди. Кимдир озарбайжонликлар билан ёнма-ён яшашга кўникар, яна кимлардир ҳозирданоқ ўз уйлари, боғлари, экинларига ўт қўйиб, катта ватанлари Арманистонга кетишга қарор қилган.
Тоғли Қорабоғ республикаси Президенти Араик Арутюнян аҳолини бундай қилмасликка чақирмоқда. Буёғига нима бўлади, номаълум. Ўн минглаб одамлар ишсиз, бошпанасиз қолди. Унинг охири ҳозирча кўринмайди.
А. Сайбназаров, ЎзА