Партия ташаббуси билан эшитув ташкил этилди
ЎзЛиДеП Навоий вилояти Навбаҳор туман Кенгаши ташаббуси билан эшитув ташкил этилди.
Унда халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда туманда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилда белгилаб олинган режалар юзасидан туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, 2024 йилда туманда режа асосида 490 та қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган. Аммо улардан 123 таси ўрнатилган. Жумладан, ижтимоий соҳа объектларида 29 та, тадбиркорлик субъектларида 22 та, аҳоли хонадонларида эса 69 та ва кўп қаватли уйларда 3 таси тўлиқ ишга туширилган.
2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларидан хонадон истеъмолидан ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳар бир кВти учун белгиланган тартибда 1000 сўмдан субсидия ажратилиб, ҳисоб-китоблар амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Навбаҳор туманидаги 200 нафар истеъмолчига ўз итеъмолидан орттириб тармоққа узатилган 65,7 минг кВт учун субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Тадбир сўнггида депутатларнинг фикрлари тингланиб, тегишли тартибда қарор қабул қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири