Партия съездига делегатлар сайланди
Нукусда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг VII Конференцияси бўлиб ўтди.
Унда ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотининг иштироки, партия Марказий Кенгашининг навбатдаги Съездига делегатлар сайлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш, миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва демократик андозаларга мос даражада такомиллаштириш борасида кенг кӯламли ишлар амалга оширилди. Миллий сайлов қонунчилиги асосида сайловлар фақатгина Марказий сайлов комиссияси томонидан мустақил ташкил этилиши, Ўзбекистонда Президент сайловида сиёсий партиялар иштирок этиши учун тенг шароит яратилганлиги, бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўла кафолатлангани таъкидланди.

Анжуманда 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг тайёргарлик кўришининг асосий йўналишлари, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланди. Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг VII Съездига делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА