Партия “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш тарафдори
Ўзбекистон “Адолат” СДП жорий йилги сайловларда муносиб иштирок этишни мақсад қилган. Бу жараёнда аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП жорий йилги сайловларда муносиб иштирок этишни мақсад қилган. Бу жараёнда аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Дастлаб партиянинг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш тизимини янги босқичга кўтариш, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши марказий аппарати қошида фаолиятини бошлаган Матбуот марказининг очилиш маросими ўтказилди. Журналистлар марказ билан бевосита танишиб, мақсад ва вазифаларидан яқиндан хабардор бўлди.
“Адолат” СДПнинг бу йилги сайловлар арафасидаги позицияси, сайловолди дастуридаги асосий йўналишлари, партия томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ахборот берилди.
– Ўтган беш йил ичида фракция аъзолари 43 қонун лойиҳаси учун ташаббускор бўлди, – деди “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. – Шулардан 9 таси яхлит қонун бўлса, 34 таси мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат эди. Партия ўз фаолиятини 2014 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижасида йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этишдан ва уларни такрорламаслик чораларини кўришдан бошлади. Сайловларга муносиб номзодлар ва халқчил сайловолди дастури билан кириб бормоқда.
Таъкидланишича, партия “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи қонуний базани яратиш чораларини кўрмоқда.
“Адолат” СДП коррупцияни илдизи билан йўқотиш учун курашади. Келгуси 5 йилда Ўзбекистон Республикасининг халқаро коррупцияга мойиллик рейтингдаги ўрнини 158-ўриндан 50-ўринга кўтарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни мақсад қилган.
Шунингдек, партия болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиниш даражасини икки баробарга кўтариш, ўқитувчилар ҳуқуқий мақоми, иш ҳақининг ошиши ва ижтимоий мавқеини ошириш учун ўқитувчининг мақоми тўғрисидаги алоҳида қонунни қабул қилиш тарафдори.
Бундан ташқари, партия олий таълимга кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш таклифини илгари сурмоқда. Контракт асосида ўқишни истайдиганлар учун имтиҳон ва синовларсиз ўқишга қабул қилишни йўлга қўйиш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини кенг жорий этишни қўллаб-қувватлайди.