Партия фаолияти таҳлил қилинди ва янги вазифалар белгилаб олинди
“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда туман ва шаҳар кенгашларининг 3-қўшма Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда 2026 йил учун устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан партия вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов партия Марказий Кенгаши Пленумида белгиланган вазифаларга тўхталиб, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар хусусида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, келгуси режалар ва устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда партия аъзолари сони 70 603 нафарга етган. Ҳисобот даврида партия ғоя ва мақсадларини тарғиб этиш мақсадида 1 524 та, тарафдорлар сонини ошириш учун эса 1 394 та турли учрашув, давра суҳбати ва тадбирлар ташкил этилди. Жами 2 918 та тадбир ўтказилиб, улар орқали 54 989 нафар аҳоли қамраб олинди.
Шунингдек, йил давомида 209 та семинар, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилиб, уларда 4 875 нафар иштирокчи қатнашди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 1 967 та хонадонга ташриф буюрилиб, аниқланган 1 104 та муаммо тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Муҳаммедов иштирок этиб, партия фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
“Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ёшларни касб-ҳунарга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 61 та йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди, аниқ фанлар бўйича 43 та ўқув курслари ташкил этилиб, уларга 168 нафар ёш жалб қилинди.
Шу билан бирга, Президент қарор ва фармойишлари ҳамда давлат дастурлари ижроси доирасида партия фаолларининг ишлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.

Пленум давомида сўзга чиққанлар партиявий лойиҳалар самарадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини ҳал этишда таъсирчан механизмларни жорий этиш, шунингдек, бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада жонлантириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА