Партия депутатлик гуруҳлари фаоллиги янада ортади
Андижон вилояти Жалақудуқ туманида "Депутатлик гуруҳлари партия қаноти: натижа ва самарадорлик" мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.
“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши, Халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда “Адолат” СДП сиёсий кенгаши масъул ходими Сарварбек Эргашев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулнора Абдувоҳидова, Мавлуда Адҳамжонова, партия туман, шаҳар кенгашлари раислари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда сўз олганлар томонидан кейинги йилларда маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларнинг партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва жамоатчилик билан ишлашдаги фаоллиги янада ортганлиги, маҳаллий кенгашлар депутатлари партиянинг ишончли қанотига айланаётганлиги таъкидланди.


Семинар давомида мазкур йўналишдаги ишлар “Адолат” СДПдан Жалақудуқ туман кенгашига сайланган депутатлар фаолияти мисолида таҳлил қилинди. Уларнинг ҳудуддаги мавжуд муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш, ижобий ҳал этиш борасидаги самарали фаолияти алоҳида қайд этилди.
Жумладан, жойлардаги муаммолар ечимини топиш, доимий комиссия ва сессияларга долзарб масалаларни киритиш, аҳоли билан ишлашда илғор тажрибалар шаклланганлиги айтиб ўтилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даври давомида партия депутатлари томонидан халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши сессияларига бешта долзарб масала киритилди. Сессияларда ана шу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ўз навбатида қатор муаммоларнинг ҳал этилишига, одамларнинг оғирини енгил қилишга ёрдам берди.


Семинар иштирокчилари туман кенгаши депутатларининг сайловчилар, аҳоли билан ишлашдаги тажрибалари билан танишди. Ана шу йўналишдаги ишларни, умуман, депутатлар фаоллигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунда партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлар гуруҳи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири