Паррандачиликдан янги ишлаб чиқариш йўналиши сари
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Муҳаммад Али қувончи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Эшназаров 2016 йилда 300 минг бош паррандага мўлжалланган фабрика ташкил этиб, ҳудудда паррандачиликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда фабрикада боқилаётган “Ломан” зотли товуқлардан кунига 180 минг дона тухум олинади. Тадбиркор келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшимча 200 минг бош паррандага мўлжалланган фабрика қуришни режалаштирган.
Соҳада тухум қадоқлаш идишларига бўлган эҳтиёжни инобатга олган тадбиркор ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Шу мақсадда Хитойдан 5,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий ускуналар келтирилди.
Янги корхонада ойига 16 миллион дона тухум қадоқлаш идиши ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхона ишга туширилиши билан 100 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда паррандачилик фабрикасида 80 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
[gallery-32412]
Мазкур лойиҳалар ҳудудда ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА