Паррандачилик – фаровонлик ва тараққиёт омили
Юртимизда азалдан паррандачилик ризқ-рўзғорнинг баракаси, хонадон фаровонлигининг муҳим манбаларидан бири сифатида қадрланиб келган. Халқимизда “Паррандачилик — етти хазинанинг бири”, деб бежиз айтилмаган. Чунки парранда парҳезбоп гўшт ва тухум билан бир қаторда, кам харажатлиги орқали юқори даромад келтирадиган сермаҳсул тармоқ ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлар асосида ташкил этилган паррандачилик хўжаликлари соҳанинг янада тараққий этишига хизмат қилмоқда.
Бунга шу йил 23 июнда Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи манзилларидан бири бўлган Тўрақўрғон туманида жойлашган “Уйчи парранда” корхонаси ёрқин мисолдир.

Парҳезбоп гўшт етиштирувчи мазкур ишлаб чиқариш субъекти томонидан қисқа муддатда йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Корхонада Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли жўжа интенсив технологиялар асосида парваришланди. Натижада йилига 9-10 миллион дона юқори сифатли тухум етиштирилади. Инкубация жараёнлари орқали 7 миллион 200 минг бош жўжа чиқарилади. Бу эса мамлакатимизда паррандачиликда наслчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қолаверса, 2025 йил якунида Тўрақўрғондаги беш гектар майдонда 25 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда фабриканинг тўртта цехида йилига 40 минг бош зотдор товуқларни парваришлаш имконияти мавжуд.

Эътиборлиси шундаки, йилига беш миллион дона тухум ишлаб чиқарилади ва маҳсулотни тўлалигича экспортга сотиш орқали 144 миллиард сўм даромад кўрилади. Ҳадемай, бундай имконият янада кенгайиши кутилмоқда. Сабаби икки қаватли бино қурилиб, яна тўртта цехни ишга тушириш кўзда тутилган.
Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45–50 кунлик босқичда парваришланади ва 120 тонна гўшт тайёр маҳсулот сифатида етказиб берилади. Шу тариқа ички бозорда ушбу маҳсулотларга бўлган талабни қондириш ва импорт ўрнини босиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришилмоқда.

Паррандачилик ҳадисини олган ишбилармон Одилжон Раҳматов таъсисчилигидаги “Уйчи парранда” масъулияти чекланган жамиятга 2011 йилда Уйчи туманидаги ташландиқ ҳолга келиб қолган собиқ “Парранда фабрикаси” негизида тўла қайта реконструкция қилингач, асос солинган.
Бироқ кўп йиллар мобайнида корхона мавжуд ишлаб чиқариш қувватига эриша олмади. Республикамизда тадбиркорларга қаратилаётган ғамхўрликлар корхона тараққиётида ҳам туб бурилиш ясади. Бир миллион бош бройлерга мўлжалланган цехлар ва 1 миллион 200 минг бош жўжа инкубатория комплексида иш қизғин давом этмоқда.

Тадбиркорнинг қайд этишича, корхона томонидан ўтган йили 4 минг 700 тоннадан зиёд гўшт етиштирилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий қушхонада бир сменада 90 тонна товуқ гўшти истеъмолчиларга етказиб берилади. Вилоятдаги бешта тумандаги саккизта бройлер мажмуасида тухум ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Нидерландия, Польша, Туркия ва Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган цехларда омухта ем ҳам тайёрланади. 2025 йилда корхонанинг айланма маблағи 206,1 миллиард сўм, экспорт ҳажми 88,8 миллиард сўм, яъни 7,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 2026 йилнинг январь-май ойларида экспорт қиймати 90,8 миллиард сўмга, бошқача айтганда 7,5 миллион долларга етди.

Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар тобора жадаллашиб бораётган бугунги кунда доимий ишчилар сони бундан 15 йил аввалги тўрт-беш нафардан 200 нафарга етди. Ишчи-ходлимларнинг ойлик маоши 3,5 миллион сўмдан 8 миллион сўмга етмоқда.
– Эътироф этиш даркор, берилаётган имконият, имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда кенг қамровли лойиҳани амалга оширишга киришдик. Яъни, давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишиб, қўшимча 121,1 гектарда 40 та паррандачилик мажмуаси ташкил этиш вазифасини белгилаб берди, – дейди тадбиркор Одилжон Раҳматов. – Шундан Косонсой туманида 19,9 гектар, Наманган туманида 5,5 гектар, Поп туманида 45, Чуст туманида 3,4 ва Чортоқ туманида 5,9, Янгиқўрғон туманида 36,9 ҳамда Янги Наманган туманида 5 гектарда паррандачилик лойиҳалари амалга оширилади. Бу лойиҳалар туфайли 800 та янги иш ўрни яратилади, 120 минг бош наслли парранда парваришланади. Йилига 18 миллион долларлик тухум ва гўшт маҳсулотлари экспорти амалга оширилади ва 13,5 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилади. 20 миллион дона тухум очириш қувватига эга бўлган инкубатория қурилади.
Дарҳақиқат, умумий 40 та паррандачилик мажмуасидан иборат “Уйчи парранда” корхонасида 4 миллион бош бройлер боқиш тизими барпо этилади. Шунингдек, германиялик ҳамкорлар билан алоҳида фирма ташкил этилади, унда 100 минг бош она товуқ парваришланиб, водий вилоятларидаги паррандачилик корхоналарига жўжа етказиб берилади. Йўлга қўйилган ана шундай яхлит саноат занжири нафақат Наманган, балки бутун водий бозорларида парранда гўшти ва тухум нархи барқарорлигини таъминлайди.

Ўтган йили корхонада 25,6 миллион дона тухум етиштирилган бўлса, жорий йилнинг январь-май ойларида мазкур кўрсаткич 22 миллион донага етди. Шундан салкам 10 миллион донаси Тожикистон, Қозоғистон ва Афғонистон мамлакатларига экспорт қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.