Парламентлараро Иттифоқ ҳақида нималарни биламиз?
Маълумки, 5-9 апрель кунлари Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтказилади.
Жаҳон парламентлари етакчилари диёримизда жам бўлиши мамлакатимизнинг бу борадаги фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилганидан далолат. Ушбу нуфузли анжуманда 181 давлатдан 2 000 га яқин делегат иштирок этиши кутиляпти.
Қайд этиш керак, 190 га яқин миллий парламентни бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори юртлардагина ўтказилади. Айниқса, ушбу глобал тузилманинг юбилей тадбири айнан Ўзбекистонга ишониб топширилгани ўлкамиздаги жадал ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, десак тўғри бўлади.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” шиори остида кечадиган туркум йиғилишларда бутун дунё парламент делегациялари томонидан кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилинади. Форум якунида иштирокчи мамлакатлар халқаро ҳамкорликнинг асосий масалалари бўйича якдил позицияни акс эттирувчи дастурий ҳужжат – Тошкент декларациясини қабул қилиши мўлжалланяпти.
Қуйида Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг қисқача тарихи, раҳбарияти ва таркиби, стратегик мақсади, шунингдек республикамиз билан ҳамкорлиги ҳақида айрим маълумотларни келтирамиз.
Парламентлараро Иттифоқ ҳақида

Парламентлараро Иттифоқ (Inter-Parliamentary Union, IPU) – халқаро парламент ташкилоти бўлиб, 1889 йил ташкил этилган ва айни йўналишдаги мулоқот учун энг йирик платформа ҳисобланади.
Ташкилот фаолияти тинчлик ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, вакиллик органлари мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.
1889 йил 30 июнь куни Парижда илк бор 9 мамлакат парламенти аъзолари халқаро парламентлараро иттифоқ йиғилишида учрашди. Кейинчалик ушбу сана халқаро парламентаризм куни сифатида белгиланди. Дастлаб иттифоқ йиғилишлари “парламентлараро конференциялар” номи билан асосан Европада ўтказилган. 1956 йил йиғилиш илк бор Осиё давлати – Бангкокда ўтказилди.
1989 йил Лондонда бўлиб ўтган 82-йиғилишни қиролича Елизавета очиб берди ва айнан шу йиғилишда Парламентлараро иттифоқнинг 100 йиллиги нишонланди.
2025 йил Парламентлараро Иттифоқ илк бор Марказий Осиё – Тошкентда 150-йиғилишини ўтказади. Маълум қилинишича, IPU 136 йиллик фаолияти давомида 150 марта тўпланиб, дунё бўйлаб парламентларни демократия йўлида бирлаштириш, умумий мақсад сари етаклашда давом этмоқда.
Таркибида 181 давлат, 15 минтақа парламенти бирлашган тузилманинг бош қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида, минтақавий идоралари Нью-Йорк (АҚШ) ва Вена (Австрия)да жойлашган. Веб-сайти – www.ipu.org
Президент

Парламентлараро Иттифоқ Президенти ташкилотнинг сиёсий раҳбари ҳисобланади ва Ижроия қўмита раҳбари сифатида тузилма фаолиятини йўналтириб, назорат қилади. 2023 йил 27 октябрдан буён бу вазифани Тулия Эксон бажармоқда.
Тулия Эксон Дор-ус-Салом университетини тамомлаган, ҳуқуқ бакалаври (LLB) ва магистри (LLM), 2007 йил Жанубий Африка Республикаси Кейптаун университетида фалсафа доктори (PhD) даражасини олган.
Бош котиб

Бош котиб бош ижрочи директор сифатида ташкилотни бошқаради, Бошқарув кенгаши олдида ҳисобдор. Айни пайт бу лавозим эгаси – Мартин Чунгонг. У миллий ва халқаро даражадаги парламентчилик соҳасида 40 йиллик тажриба тўплаган. 2014 йил июлдан шу вазифада фаолият юритиб келаётган Мартин Чунгонг Камерун парламентида 14 йил, Парламентлараро Иттифоқда 20 йилдан кўп ишлаган. 2020 йил “Халқаро гендер чемпионлари” (IGC) ташкилоти Глобал кенгаши раиси этиб сайланган.
Камеруннинг Яунде ва Оттава университетларида академик даражасини қўлга киритган.
Таркиби

Ассамблея томонидан турли масалаларни кўриб чиқиш, жумладан резолюция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича асосий иш 4 та доимий комиссия томонидан амалга оширилади: Тинчлик ва халқаро хавфсизлик, Барқарор ривожланиш, молия ва савдо, Демократия ва инсон ҳуқуқи, БМТ ишлари бўйича. Комиссия мажлислари йилига 2 марта ўтказилади.
Иттифоқ тарихидаги муҳим воқеалар

1889 йил – Ҳакамлик учун Халқаро парламент иттифоқи таъсис этилди.
1899 йил – Парламентлараро Иттифоқ сифатида қайта номланди.
1922 йил – Низом қабул қилинди.
Низомга кўра, Парламентлараро Иттифоқ олдига қуйидаги мақсаддар қўйилган:
– Барча парламент аъзолари ўртасида шахсий алоқаларни ривожлантириш ва уларни биргаликда фаолият юритиши учун бирлаштириш;
– Вакиллик институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
– Халқаро тинчлик ва ҳамкорликни рағбатлантириш учун хизмат қилиш.
1997 йил – Жаҳон демократия декларацияси қабул қилинди. Кейинчалик ушбу сана Халқаро демократия куни сифатида белгиланди.
2016 йил – 2017-2021 йиллар учун стратегия – “Энг яхши парламент – кучли демократия гарови” қабул қилинди.
135-Ассамблея – 198-йиғилишда МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига аъзо-ҳамкор мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
2018 йил – БМТ Бош Ассамблеясининг 72/278-резолюцияси – “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, миллий парламентлар ва Халқаро парламент иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик” асосида “30 июнь – Халқаро парламентаризм куни” таъсис этилди.
2021 йил – 2022-2026 йиллар учун янги стратегия қабул қилиниб, устувор йўналишлар белгиланди.
Муҳим саммитлар

1889 йил, Париж. Саноқли мамлакатлар парламентлари вакиллари қатнашган Ассамблеянинг мазкур биринчи йиғилишида низоларни халқаро арбитраж орқали бартараф этиш, парламент суверенитетини таъминлаш ва глобал тинчлик жараёнига қонунчилик йўли билан таъсир кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган.
1989 йил, Москва. Орадан 100 йил ўтиб, кўп минг сонли иштирокчилар ва кучли таъсирга эга Ассамблеянинг юбилей саммитида XXI аср бошидаги глобал хавфсизлик парадигмаларини қайта шакллантириш, инсон ҳуқуқи бўйича халқаро мониторинг механизмини кучайтириш ҳамда демократик институтларни мустаҳкамлаш масалалари кун тартибига қўйилган.
Кейинги 26 йил давомида ташкилотнинг Рим, Мадрид, Берлин, Женева, Лондон, Вашингтон каби йирик шаҳарларда бўлиб ўтган мулоқотларида ҳам инсоният олдида турган мураккаб масалалар ечими иштирокчилар диққат марказида бўлди.
Аҳамият берилса, ҳар бир саммитда жаҳон миқёсидаги муаммолар ечими юзасидан резолюция, декларациялар ишлаб чиқилган.
Парламентлараро Иттифоқнинг таъсирини кучайтиришга қаратилган 5 та стратегик мақсад белгиланган:

1. Самарали ва ваколатли парламентларни шакллантириш;
2. Инклюзив ва вакиллик парламентларини ривожлантириш;
3. Барқарор ва инновацион парламентларни қўллаб-қувватлаш;
4. Жамлавий парламент фаолиятини кучайтириш;
5. Парламентлараро Иттифоқ масъулиятини ошириш.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорлиги

Ўзбекистон 1992 йил Парламентлараро Иттифоққа аъзо бўлган. 2007 йил тўхтатилган ҳамкорлик 2017 йил октябрь ойида бўлиб ўтган 137-ассамблея натижасига кўра, қайта тикланди. 2020 йил ташкилот мамлакатимиз Олий Мажлисининг COVID-19 давридаги фаолиятини юқори баҳолади.
2022 йил Тошкентда Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, 150-юбилей Ассамблея юртимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузи тобора ортаётгани исботидир.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА