Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга оид муҳим учрашувлар ўтказилди
Самарқандда Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ПИнинг 2020-2023 йилларда Президенти бўлиб фаолият кўрсатган Дуарте Пачеко ҳамда Ҳиндистон Республикаси парламенти юқори палатаси аъзоси Рагҳав Чадда билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ПИ билан ҳамкорлигини ривожлантириш, парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон – Португалия ва Ўзбекистон – Ҳиндистон парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Д.Пачеко Ўзбекистоннинг ПИ билан муносабатлари изчил ривожланаётганини ҳамда илгари сурилаётган ташаббусларини юқори баҳолади.
Р.Чадда Ўзбекистон – Ҳиндистон парламентлараро муносабатларини янги мазмун билан бойитиш, парламент делегациялари алмашинувини кенгайтириш, ёш парламент аъзолари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, рақамли трансформация, инновациялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва барқарор ривожланиш соҳаларида тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади.
***
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси аъзоси Александр Лукьянов билан учрашди.

Унда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси юқори савияда ташкил этилгани қайд этилди. Ўзбекистон Президентининг Беларусьга ташрифи давомида эришилган муҳим келишувларни самарали амалга оширишда парламентлараро ҳамкорликнинг алоҳида ўрни таъкидланди.
Учрашувда жорий йил сентябрь ойида Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика кенгаши Раиси Наталья Кочанова бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Хива шаҳрида ёшлар парламентлари вакиллари иштирокида учрашув ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА