Париж прокурори Илон Маскни ҳибсга олиш билан таҳдид қилди
Илон Маск Францияда жиддий муаммога дуч келди: суд чақирувларини эътиборсиз қолдириш миллиардерга нисбатан ҳибсга олиш ордери берилишига сабаб бўлиши мумкин.
Францияда “X” (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғига қарши очилган жиноят иши доирасида тергов судьялари миллиардер Илон Маскни ҳибсга олишга ордер бериши мумкин. Париж прокурори Лор Беконинг “RTL” радиостанцияси эфирида маълум қилишича, агар Маскка нисбатан расмий айбловлар қўйилса ва у суд чақирувларини эътиборсиз қолдиришда давом этса, ушбу қатъий чора қўлланилади.
Прокурорнинг тушунтиришича, тергов якунида судьялар Маскни жиноят судига чақириш учун етарли асослар мавжуд деган хулосага келса ва у жавоб бермаса, унинг судда иштирок этишини таъминлашнинг қонуний ягона йўли ҳибсга олиш ордери бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йирик тергов ҳаракатлари 2025 йилнинг январь ойида фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқ алгоритмлари устидан қилган шикоятларидан сўнг бошланган эди.
Шу йилнинг февраль ойида Европол ва кибержиноятчиликка қарши курашиш жандармерияси иштирокида “X”нинг Франциядаги офисларида тинтув ўтказилган. Илон Маск ва тармоқнинг собиқ бош директори Линда Яккарино 20 апрель куни сўроққа чақирилган эди, бироқ миллиардер унга келишдан бош тортган. Бунга жавобан Париж прокуратураси 7 май куни унга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаб юборган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА