Параспортчиларимиз тарихий маррани забт этди — делегациямиз ҳисобида 101 та медаль!
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари юксак натижаларни қайд этиб, мамлакатимиз параспорт тарихида янги саҳифа очмоқда.
Гап шундаки, “Аичи–Нагоя–2026” Параосиё ўйинларининг пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасидаги ядро улоқтириш (F32) баҳсларида Хуршид Қодиров 9,40 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз ушбу натижа орқали Параосиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.
Натижада, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 32 та олтин, 35 та кумуш ва 34 та бронза, жами 101 тага етди. Ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу натижа мамлакатимиз параспорти тарихида Параосиё ўйинларида қайд этилган энг юқори кўрсаткич сифатида тарихга кирмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА