Паралимпия чемпиони талабалар ҳузурида бўлди
Наманган давлат университетида Францияда бўлиб ўтган “Париж-2024” XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиби, олтин ва бронза медаллари соҳиби, халқаро тоифадаги спорт устаси, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Толиббой Йўлдошев билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда, жаҳон ва Паралимпия чемпиони мамлакатимизда ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, умидли спортчилар, жумладан, ногиронлиги бор спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани, бу эътибор ўз натижаларини бераётгани эътироф этилди.

Шунингдек, чемпион спортга қўйган илк қадамлари ва ҳозирга қадар эришган ютуқлари ҳақида тўхталиб, мураббийси Сардорбек Абдухолиқовга алоҳида миннатдорлик билдирди.

2003 йилда Чуст туманида туғилган, етти ёшидан аввалига бокс, кейинчалик ядро улоқтириш билан шуғулланган Толиббойнинг довруғи туғилиб ўсган қишлоғидан жаҳон аренаси даражасига етишида ўз устида тинимсиз қилган машаққатли меҳнатлари ва мураббийларнинг тўғри кўрсатмалари ҳамда ота-онасининг қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутди.

2018 йилда пара енгил атлетика тури бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибига киритилди. Хитойда бўлган “Ханчжоу-2022” Пара Осиё ўйинларида кумуш ҳамда 2023 йил Парижда ўтган жаҳон чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. 21 ёшида эса Паралимпия ўйинларида “F37” классида диск улоқтиришда 57,28 метр натижа билан олтин ва ядро улоқтиришда 15,24 метр натижа кўрсатиб, бронза медалларини қўлга киритди. Эътиборлиси, Паралимпия ўйинларида диск улоқтириш бўйича жаҳон рекордини ҳам янгилади. Спортдаги юксак муваффақиятлари туфайли у Президентимиз фармонига кўра, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.

Самимий ва очиқ, дўстона муҳитда кечган мулоқотда Чирчиқ давлат педагогика университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган Толиббой Йўлдошевга талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Учрашув қатнашчиларида чемпион спортчидаги мустаҳкам ирода, метин жасорат, шижоат, бой дунёқараш, теран фикрлаш қобилияти ҳавас туйғуларини уйғотгани, шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.