Пара сузувчиларимиз Қоҳирада матонат кўрсатмоқда
Айни кунларда Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида пара сузиш бўйича ўтаётган Қоҳира очиқ чемпионатида мамлакатимизнинг матонатли спортчилари муносиб иштирок этмоқда.
Мусобақанинг S6 классида 50 ва 100 метрга баттерфляй усулда сузиш ҳамда 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида ҳамюртимиз Сардор Бахтиёров муносиб натижаларни қайд этиб, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди.
Шунингдек, ушбу дастурдаги аёллар мусобақасида терма жамоамиз аъзоси Азизахон Каримова барча рақибларини доғда қолдирган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди.

30 ноябрга қадар давом этадиган халқаро мусобақада вакилларимиз ҳозирча 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль билан умумжамоада кучли бешликда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қоҳирада ўтаётган мусобақада мамлакатимизнинг 7 нафар иродали пара спортчиси совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА