Парҳез маҳсулот мўл бўлади
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантириш, хусусан, балиқчилик хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янгиларини ташкил этиш, бунинг учун ер майдонлари ажратиш, кафолатли сув ҳамда зарур техник жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантириш, хусусан, балиқчилик хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янгиларини ташкил этиш, бунинг учун ер майдонлари ажратиш, кафолатли сув ҳамда зарур техник жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасида Қашқадарё вилоятида ҳам балиқчилик тармоғи ривожланиб, ихтисослашган хўжалик ва корхоналар сони, уларда етиштирилаётган маҳсулот ҳажми ортмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 34 янги балиқчилик хўжалиги ташкил этилиб, уларнинг сони 218 тага етгани бунинг яққол тасдиғидир.
Ғузор туманида фаолият юритаётган 14 балиқчилик хўжалигининг 2 таси жорий йил бошида ташкил этилган. Ғузор дарёси, Пачкамар, Қамаши, Чимқўрғон сув ҳавзаларида эса садок усулида балиқ етиштириш йўлга қўйилди. Ов мавсуми бошлангандан буён мазкур ҳавзалардан 40 тоннага яқин балиқ овланди. Шунингдек, Қорасув дарёсидаги кўл ҳамда Таёқли каналидаги умумий майдони 4,5 гектарни ташкил этадиган табиий ва сунъий ҳавзаларда шу кунга қадар 500 тоннадан зиёд балиқ етиштирилди.
– Балиқнинг хосияти кўп, – дейди Ғузор туманидаги “Намунабалиқчилик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азамат Шарипов. – Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳафтада бир марта балиқ истеъмол қилган киши юрагидан, кўзидан шикоят қилмайди. Қолаверса, балиқчилик сердаромад соҳа. Хўжалигимизда бу борада катта тажриба тўпланган. Тадбиркорларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 650 гектар сув ҳавзасида балиқчилик хўжалигини ташкил қилган эдик. Айни пайтда дўнгпешона, карп, оқ амур балиқлари етиштирилмоқда. Йил бошида ҳавзага ташлаган чавоқлар ҳозир 1,5 килограммлик балиққа айланди. Балиқ шартнома асосида жойларга етказиб берилмоқда. Хўжалигимизда 30 га яқин ёш доимий иш билан таъминланган.
Вилоятда мазкур соҳани ривожлантириш учун махсус дастур ишлаб чиқилган. Унда белгиланган чора-тадбирлар ижроси балиқчиликни ривожлантириш, энг муҳими, вилоят бозорларида ғоят фойдали ва парҳез маҳсулот – балиқ сероблигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Балиқ етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 1 ноябрга қадар табиий ва сунъий сув ҳавзаларига қарийб 4 миллионга яқин балиқ чавоқлари ташланди. Маҳсулотни аҳолига тез ва сифатли етказиб бериш мақсадида вилоят бўйича балиқ сотишга мўлжалланган 24 савдо дўкони фаолияти йўлга қўйилган.
Дастурга мувофиқ, балиқчилик субъектларида ишни самарали йўлга қўйиш, уларга қулай шароит яратиш мақсадида Қарши ва Нишон туманларида жами 100 гектар майдондаги сунъий ҳовузлар тубини чуқурлаштириш ишлари олиб борилди, 30 километрлик масофадаги дренаж ва коллекторлар тозаланди.