Пахтачилик қаҳрамонга ҳайкал ўрнатилган, аммо....
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги бу йил мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги бу йил мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Гарчи бу уруш олови бизнинг заминимизда аланга олмаган бўлса-да унинг оқибатлари ҳар бир оила ҳаётида оғир жароҳатлар қолдирган. Ўша пайтда юртимизда яшовчи 6 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга сафарбар қилинган. Уруш, ўз номи билан уруш, қурбонлар, жароҳатлар бўлади. Ўзбекистонлик уруш қатнашчиларининг ҳам 73 мингдан ортиғига ўз оиласи бағрига қайтиш насиб этмади.
Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати учун 338 нафар ўзбекистонликларга собиқ “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвони берилган. Уларнинг номини абадийлаштириш мақсадида кўчалар, таълим муассасаларига номлари қўйилган. Жойларда қаҳрамонлар шарафига ёдгорликлар ўрнатилган. Афсуски, кейинчалик уларнинг матонати ва жасорати ҳақида кам гапирилди, ёдгорликлар эътибордан четда қолди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги қарорига кўра, бу йил мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланади.
Халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатларини, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш, юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғлиги рамзи сифатида пойтахтимизда Ғалаба боғи барпо этилмоқда.

Шунингдек, қарорда вилоятлар марказларида ёш авлодни она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ҳарбий техника, тарихий экспонатлар, инсталляцияларни ўз ичига олган замонавий “Ватанпарварлар” боғларини барпо этиш белгиланган. Ва айни пайтда жойларда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай бир пайтда Пахтачи тумани марказида собиқ иттифоқ қаҳрамони Қудрат Суюновга ўрнатилган ҳайкал ва унинг атрофидаги ҳолат кишини ажаблантиради.
Албатта, бугун кўп жойда қаҳрамонлар шарафига ўрнатилган ёдгорликлар йўқолиб кетган ёки бутунлай эътибордан четда қолган бир пайтда пахтачилик қаҳрамон ҳайкалининг туман марказида сақлаб қолингани эътиборли. Аммо ушбу ёдгорлик атрофи яна ҳам обод қилиниб, кўркам хиёбонга айлантирилса, бу фақат эзгуликка хизмат қилади. Бугунги авлоднинг қаҳрамон боболари жасоратига, хотирасига ҳурмат-эҳтироми бўлади.