Пахта йиғим-терими қизғин паллада
Сурхондарё вилояти пахтакорлари жорий йил учун 74 минг гектардан зиёд майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Сурхондарё вилояти пахтакорлари жорий йил учун 74 минг гектардан зиёд майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Айни кунларда етиштирилган ҳосил тез, сифатли териб олинмоқда.
Қумқўрғон туманида бу йил 194 фермер хўжалиги 7 минг 952 гектар ерда “Беш қаҳрамон”, “Порлоқ-1”, “Сурхон-14” каби тезпишар ва серҳосил ғўза навларини парваришлаб, салмоқли ҳосил етиштирди. Мавсумни қисқа кунларда якунлаш учун ҳудудларда яшаётган теримчилар жалб этилиб, ташиш техникалари шай ҳолатга келтирилди.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилда фермерлар 26 минг 477 тонна сифатли хом ашё йиғиб олишни мўлжалламоқда. Ҳозиргача 25 минг тонна ҳосил териб-йиғиб олинди.
Теримчилар учун қулай шароит яратилиб, уларнинг меҳнатига яраша ҳақ олаётгани ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олишда муҳим омил бўлаётир. Шу боис ҳам шартномавий режани ортиғи билан бажараётган фермерлар сафи кун сайин кенгаймоқда. Шу кунгача 150 тага яқин фермер хўжалигининг режани ортиғи билан уддалагани бунга яққол далилдир.
Дунёга чанг солган пандемия шароитида 53,3 гектар ерга барака уруғи қадаб, ниҳолларни мавжуд агротехник тадбирлар асосида парваришлаган “Қумқўрғон мўъжизаси” фермер хўжалиги ҳам шартноавий режани ортиғи билан бажариб, илғорлар сафидан ўрин олди.
–Шу кунгача 180 тоннага яқин хом ашё топширдик,– дейди тажрибали фермер Р.Холияров.– Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Теримчилар кўтаринки кайфият билан меҳнат қилмоқда. Биз уларнинг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузиб, ўз вақтида иш ҳақини бераяпмиз. Теримчиларнинг барчаси ҳудудимизда яшайди.
Четдан ҳеч ким жалб этилмаган. Уларнинг унумли меҳнат қилиши учун барча шароитларни яратиб, кунлик иссиқ овқат билан ҳам таъминлаяпмиз. Терим даврида қулай шароит яратиб, меҳнат ҳақи ўз вақтида берилса, ҳосилни қисқа кунларда эмин-эркин териб олиш мумкин экан. Сўнгги йилларда биз бунга қатьий ишонч ҳосил қилдик.
Туманда териб-йиғиб олинаётган пахта ҳосили етарли ташиш техникалари ва 170 дан ортиқ тиркамалар ёрдамида қабул пунктларига пешма-пеш етказиб берилмоқда.
Пахтачиликда етарли тажрибага эга воҳа деҳқонлари мавжуд майдонлардан бу йилги мавсумда 244 минг 800 тоннадан зиёд сифатли хом ашё йиғиштириб олишни мўлжалламоқда.