Пахта териш машиналари етишмайди
Президентимизнинг 2019 йил 4 апрелдаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилишича, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларининг 25 фоизидан ортиғи 15 йилдан ортиқ муддат мобайнида эксплуатация қилинмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 4 апрелдаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилишича, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларининг 25 фоизидан ортиғи 15 йилдан ортиқ муддат мобайнида эксплуатация қилинмоқда. Шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни сифатли ва арзон техникалар билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда ва давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашни тақозо этади.
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур қарор ижроси юзасидан брифинг ташкил этилди. Унда Қишлоқ хўжалиги ва Молия вазирликлари мутахассислари ҳамда “Ўзагросаноатхолдинг” акциядорлик жамияти вакиллари иштирок этди.
Брифингда таъкидланишича, 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга, биринчи навбатда, фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этувчилар ва кластерларга 33,7 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан жорий йилда 10 минг 640 дона қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатини етказиб бериш белгиланган. 2019 йилнинг биринчи чорагида 2 минг 609 дона, шундан лизинг асосида 1 минг 387 дона янги техника етказилди. Айни пайтда техника паркининг янгиланиш даражаси 2,1 фоизни ва таъминланиш даражаси 87 фоизни ташкил этмоқда.
Мазкур қарор билан республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, 3 ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида 1,5 мингга яқин қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиляпти. Пахта йиғим-теримида махсус техника воситалари етарли эмаслиги сабабли пахта ҳосилини йиғишда ҳамон қўл меҳнатидан фойдаланилмоқда. Ғалла ҳосили йиғим-терими учун техника воситалари эса 100 фоиз мавжуд.