P2P ўтказмаларида SMS-код ҳар доим ҳам мажбурий бўлмайди
Молиявий саводхонлик
Банк карталаридан картага пул ўтказиш жараёни соддалаштирилмоқда. Бироқ қулайлик билан бирга фрод операциялари учун жавобгарлик молиявий ташкилотлар зиммасига юкланади.
Бугунги кунда картадан картага пул ўтказиш — аҳоли ва тадбиркорлар фойдаланаётган энг оммалашган рақамли молиявий хизматлардан бири. P2P (peer-to-peer) ўтказмалари орқали маблағни бир картадан бошқасига бир неча сонияда юбориш мумкин.
Бироқ бундай операцияларнинг тезкорлиги ахборот ва киберхавфсизлик масаласини ҳам долзарб қилади. Шу боис масофавий молиявий хизматларда фроднинг олдини олиш ва операцияларни ҳимоя қилишга қаратилган талаблар мунтазам такомиллаштирилмоқда. Масофавий молиявий хизматларда ахборот ва киберхавфсизлик ҳамда фроднинг олдини олишга доир 3759-сон Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ана шу мақсадга қаратилган.
Янги тартибдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — P2P ўтказмаларини ҳар сафар бир марталик тасдиқлаш коди, яъни OTP-код орқали тасдиқлаш мажбурий талабининг бекор қилиниши. Энди банклар ва тўлов ташкилотлари ўзларининг рискларни бошқариш сиёсати ва хавф даражасидан келиб чиқиб, OTP ёки бошқа қўшимча аутентификация талаб этилмайдиган P2P операцияларининг максимал миқдорини мустақил белгилайди. Бу фойдаланувчилар учун, аввало, қулайликни ошириши мумкин. Кичик миқдордаги кундалик ўтказмаларни ҳар сафар SMS-код орқали тасдиқлаш зарурати камаяди. Натижада рақамли тўловлар тезроқ ва соддароқ амалга оширилади.
Бироқ янги механизм банк ва тўлов ташкилотлари учун қўшимча масъулиятни ҳам юзага келтиради. Агар OTP ёки бошқа қўшимча аутентификациясиз амалга оширилган P2P операциясида фрод ҳолати юз берса, бундай операция бўйича жавобгарлик банк ёки тўлов ташкилоти зиммасида бўлади. Бу норма молиявий ташкилотларнинг хавфларни баҳолаш ва фродни аниқлаш тизимларини янада такомиллаштиришини талаб қилади. Яъни SMS-кодни бекор қилиш банк учун хавфсизлик чораларини сусайтириш эмас, балки хавфни бошқа технологик механизмлар орқали бошқариш заруратини оширади.
P2P операцияларида OTP-коднинг ҳар доим ҳам талаб қилинмаслиги рақамли молиявий хизматлар ривожида муҳим қадам бўлиши мумкин. Чунки замонавий банк хизматларида хавфсизликни таъминлаш фақат SMS-кодга боғланиб қолмасдан, операциянинг миқдори, фойдаланувчининг одатий хатти-ҳаракатлари, қурилма, геолокация, операциялар частотаси ва бошқа хавф индикаторлари асосида амалга оширилиши мумкин.
Бунда банклар учун асосий вазифа — қайси операция қўшимча тасдиқни талаб қилиши, қайси операцияни эса соддалаштирилган тартибда ўтказиш мумкинлигини тўғри белгилашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, янги тартиб молиявий ташкилотларга кўпроқ мослашувчанлик беради. Бироқ бу имкониятдан фойдаланиш билан бирга фродга қарши назорат механизмларини кучайтириш ҳам талаб этилади.
Янги тартиб фуқаролар учун P2P ўтказмаларини амалга оширишни осонлаштириши мумкин, аммо карта ва банк иловаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурати ўзгармайди. Фуқаролар банк картаси маълумотлари, пароль, PIN-код ва тасдиқлаш кодларини бошқа шахсларга бермаслиги, шубҳали ҳаволалар орқали банк иловасига кирмаслиги ва номаълум шахсларнинг телефон қўнғироқларига ишониб, маблағ ўтказмаслиги лозим.
Зеро, рақамли тўловлар қанчалик қулайлашса, фойдаланувчининг шахсий молиявий маълумотларини ҳимоя қилиш маданияти ҳам шунчалик муҳим аҳамият касб этади. Янги қоидалар 2026 йил 16 ноябрдан кучга киради. Умуман олганда, ўзгартишлар P2P тўловларида фойдаланувчи учун ортиқча тасдиқлаш жараёнларини қисқартириш, банклар учун эса рискларни индивидуал баҳолаш ва фроддан ҳимояланиш тизимларини такомиллаштиришга қаратилган. Энг муҳим жиҳат — қулайлик оширилар экан, хавфсизлик даражаси пасайиб кетмаслиги керак.
Ш.Маматуропва, ЎзА