“Ўзтрансгаз” АЖ: рақамли ечимлар иқтисодий самарадорликни оширмоқда
Бугун “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг 2025 йил ҳамда 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги иқтисодий ва молиявий-хўжалик фаолияти якунлари, эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Унда “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Лола Шарипова, Иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи Жаҳонгир Абдуллаев, Персонални бошқариш департаменти бошлиғи Шуҳрат Бобоев ҳамда бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, жамиятда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, жамиятнинг асосий мақсади соф тушум барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий самарадорликни янада ошириш ва фаолиятни белгиланган стратегик режалар асосида изчил давом эттиришдан иборат. Шу билан бирга, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича режалаштирилган барча асосий кўрсаткичларга эришиш кутилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритган “Ўзтрансгаз” АЖ Иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи Жаҳонгир Абдуллаевнинг таъкидлашича, жамият магистрал газ қувурлари орқали табиий газни етказиб бериш ва транзит хизматларини кўрсатиш бўйича ўз вазифаларини тўлиқ бажариб келмоқда. 2025 йилда истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, 38 миллиард 3 миллион метр куб табиий газ транспортировка қилинган.

– Бугунги кунда жамият табиий газ савдоси билан эмас, балки уни транспортировка қилиш ва етказиб бериш хизмати билан шуғулланади. Асосий истеъмолчилар сифатида “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ўзгазтрейд” акциядорлик жамиятларига табиий газ етказиб берилмоқда. Шунингдек, магистрал газ қувурларига тўғридан-тўғри уланган бошқа истеъмолчиларга ҳам йил давомида 50,3 миллион метр куб табиий газ етказиб берилган.
Жамият фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири транзит хизматларини кўрсатиш ҳисобланади. 2025 йилда мамлакат ҳудуди орқали 36 миллиард 748 миллион метр куб табиий газ транзити амалга оширилиб, мазкур хизматлар ҳажми 621,8 миллион долларни ташкил этди. Кўрсатилган хизматлар натижасида 2025 йилда жамиятнинг соф тушуми 14 триллион 187 миллиард сўмга етди.
Жамиятда ҳар йили бизнес-режа ишлаб чиқилиб, устувор вазифалар белгиланади. Хусусан, хизматлар таннархини пасайтириш, харажатларни қисқартириш ва даромадларни барқарор сақлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давр ва молиявий харажатларни белгиланган меъёрларда ушлаб туриш ҳисобига барча прогноз кўрсаткичлари бажарилди.

2025 йил якунларига кўра, жамиятнинг соф фойдаси 5 триллион 847 миллиард сўмни ташкил этиб, бизнес-режада белгиланган кўрсаткичлардан юқори натижа қайд этилди. Бу, аввало, хизматларга бўлган талабнинг юқорилиги ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар билан изоҳланади.
2026 йилда ҳам белгиланган вазифалар босқичма-босқич бажарилмоқда. Биринчи чорак якунлари ижобий натижаларни кўрсатди, биринчи ярим йиллик ҳисоботлари ҳам якунланиш арафасида. Дастлабки маълумотларга кўра, бизнес-режада белгиланган соф фойда кўрсаткичи 106 фоиз, маҳсулот таннархини камайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам 106 фоизга бажарилган. Шунингдек, импорт ҳажмини ошириш, бюджет олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажариш ҳамда қарздорликни қисқартириш бўйича барча прогноз кўрсаткичларига эришилмоқда, – деди Ж.Абдуллаев.
Йиғилишда газ қувурларидаги технологик йўқотишларни камайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда Персонални бошқариш департаменти бошлиғи Шуҳрат Бобоев маълумот берди.

– Бу борада Жаҳон банкининг 10,4 миллион долларлик гранти жалб этилди. Лойиҳа доирасида халқаро мутахассислар иштирокида магистрал газ қувурлари махсус диагностика ускуналари ёрдамида тўлиқ текширилди. Газ сизиб чиқиши мумкин бўлган нуқталар аниқланиб, бартараф этилди. Натижада технологик йўқотишлар сезиларли даражада қисқарди. Амалдаги меъёрларга кўра, табиий газни ташиш жараёнида 1,5 фоизгача технологик йўқотишга йўл қўйилади. Бироқ жамиятда бу кўрсаткич 1 фоиздан ҳам паст бўлиб, ҳозирда 0,7-0,8 фоиз атрофида сақланмоқда.
Жаҳон банки гранти асосида ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Янги лойиҳалар ишга туширилиб, уларни амалга ошириш учун мутахассислар жалб этилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллект технологиялари босқичма-босқич жорий этиляпти. IT инфратузилмаси аутсорсинг асосида “Uzinfocom” томонидан юритилмоқда. Пилот лойиҳа сифатида Оҳангарон компрессор станциясида сунъий интеллект тизими ишга туширилган. Илгари 35-40 та техник параметр кузатилган бўлса, ҳозирда датчиклар ва сунъий интеллект асосида 60 га яқин кўрсаткич онлайн мониторинг қилинмоқда. Тизим агрегатларнинг иш режими, босими, тебраниши, мой ҳарорати ва бошқа муҳим параметрларни узлуксиз таҳлил қилади.
Ҳозирда мазкур тизим Оҳангарон компрессор станциясида синовдан ўтказилмоқда. Келгусида тўпланган маълумотлар асосида уни бошқа ишлаб чиқариш объектларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган, – деди Ш.Бобоев.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклиф ва мулоҳазалари эшитилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди. Шунингдек, иқтисодий самарадорликни ошириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА