“Ўзтрансгаз” АЖ: Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тизимли амалга оширилмоқда
“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида ўтказилган анжуман куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари доирасида амалга оширилган ишларга бағишланди.
Унда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Хайриддин Ҳамидов ва бошқалар Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва куз-қиш мавсумига тараддуд натижаларига урғу берди.
Қайд этилганидек, “Ўзтрансгаз” АЖ фаолияти табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими оператори сифатида газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган.
“Ўзтрансгаз” АЖ Магистрал газ қувурларини эксплуатация қилиш департаменти бошлиғи Жавлон Юсуповнинг маълумот беришича, жорий йилнинг 28 апрелида “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раисининг “2023/24-йиллар куз-қиш даврида магистрал газ қувурлари ва иншоотларидан самарали ҳамда ишончли фойдаланишга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Буйруқ билан йўналишлар бўйича 14 банддан иборат Чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, шу асосда ишлар олиб борилмоқда.
– Ўтган ярим йилликда қарийб 83 километр янги магистрал газ қувурлари қурилди. Жумладан, республика истеъмолчиларининг аксариятини ташкил этувчи Фарғона водийсини табиий газ билан таъминлашда муҳим тармоқ саналган “Фарғона-Риштон” МГҚ нинг 39 километр узунликдаги 2-тармоғи, шунингдек, газ транспорт тизимининг модернизация дастури бўйича 38 километр, Сирдарё вилоятида қурилаётган қуввати 1500 МВтга тенг иссиқлик электр станциясини табиий газ билан таъминлаш учун 3,4 километр магистрал газ қувури, “Янги Андижон” ГТС ҳамда унга келтирувчи 2,2 километр газ қувури қурилди.
Жорий йил сўнгига қадар 117 километр магистрал газ қувурларини қуриш ҳамда 47 километр капитал таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган. Шу билан бирга, шу йилнинг 1 октябридан шимолдан республика ҳудудига импорт бўладиган табиий газ ҳажмини ўлчаш мақсадида “Хива-Бейнеу” магистрал газ қувурининг 307-километрида газ ўлчов станцияси қуриш режалаштирилган. Шу кунларда лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда, –деди Ж.Юсупов.
Шунингдек, тадбирда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида ўтган даврда магистрал газ қувурларини текшириш ва диагностика натижасида аниқланган 16,4 километр нуқсонли қисмлар алмаштирилгани хусусида сўз юритилди.
[gallery-12813]
– 2023 йил 10 июль ҳолатига газ тақсимлаш станциялари 426 та, тармоқлар сони 1 минг 137 тани ташкил этади, – деди “Ўзтрансгаз” АЖ Компрессор станцияларини эксплуатация қилиш департаменти бўлим бошлиғи Фозилжон Маҳмудов. – Куз-қиш мавсумига тайёрлаш режасига асосан станцияларда чиқиш қувурлари изоляцияси, тозалаш фильтрини текшириш, одорантлаш блокини тафтиш қилиш каби тадбирлар бажарилди. “Ўзтрансгаз” АЖ таркибида 22 та компрессор станцияси бўлиб, уларда 43 та компрессор цехи ва 232 та газ ҳайдаш агрегати мавжуд. 12 та агрегат мукаммал, 16 таси ўрта ва 22 таси жорий таъмирланди. 2023 йилда газ ҳайдаш агрегатларини оптимал режимда ишлатиш натижасида 26 миллиард сўм иқтисод қилинди.
Матбуот анжуманида жамиятнинг таркибий тизимидаги 2 та газни ер остида сақлаш иншооти ва бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳам сарҳисоб қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА