Озон – она замин қалқонидир!
Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 326-мактабда “16 сентябрь –Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Озон – она замин қалқони” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экопартия фаоллари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов ўз сўзида бугунги кунда озон қатламининг тобора емирилиб бораётгани, озон – қуёшдан келаётган ультрабинафша нурлардан бизни ҳимоя қилувчи ягона қалқон эканига алоҳида тўхталиб ўтди.
—Озон қатлами ҳақида гап кетар экан, шу билан бир қаторда, экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳам ниҳоятда юқори. Зеро, экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, экологик таълим-тарбия ёшларни табиатдан онгли равишда фойдаланиш ва улар қалбида табиатга меҳр-муҳаббат уйғотиш ҳамда тежамкорликка ўргатишда қўл келади,– деди Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев.
Сўзга чиққанлар –Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси Севара Файзиева, Ўзбекистон Экологик партияси Олмазор тумани партия ташкилоти раиси Шаҳноза Умархўжаева, шоир Мирзо Карим ҳам ўз чиқишларида бугунги куннинг Экологик муаммолари ва Озон қатламининг нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад– Озон қатламига инсонлар томонидан етказилаётган салбий таъсирларни камайтириш, фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди тарғибот ишларини амалга оширишдан иборатдир.
Бу каби давра суҳбатлари ўсиб келаётган ёш авлодда она табиатни севишга, теварак-атрофни осойишта ва покиза сақлаш ҳақидаги тушунчаларининг кенг шаклланишига ёрдам беради ва ҳаётимиз хотиржамлиги ва ҳаловатини янада мустаҳкамлайди.
О.Бекмуродова