“Ўзмиллийбанк” тадбиркорларнинг асосий кўмакчиси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки баробарга ошириш, аҳолига тайёр бизнес режалар ва лойиҳалар тақдим этиш, уларни касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш вазифалари қўйилган.
Белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузурида Хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий марказ ташкил этилди. Марказ ходимлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда аҳолини ва ишсиз ёшларни касбга ўқитиш бўйича семинар тренинглар олиб бормоқда.
Таъкидлаш лозимки, хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришда бошқа тижорат банклари қаторида “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида 2021 йилда хизматлар соҳаси бўйича молиялаштиришда иштирок этувчи тижорат банклари дастлабки ўрганиш натижасида кредит миқдори 282 миллиард 993 миллион сўм бўлган 172 та лойиҳалар шакллантирилди. Шундан кредит миқдори 24 миллиард 970 миллион сўм, иш ўрни 224 та бўлган 37 та лойиҳа “Ўзмиллийбанкка” АЖга тегишли.
Ушбу лойиҳалар асосан сартарошхона, савдо дўконлари, дорихоналар, мактабгача таълим ташкилотлари, таълим марказлари, гўзаллик салони, маиший техникаларни таъмирлаш, автотранспорт воситаларини ювиш шохобчаси, умумий овқатланиш хизматлари, спорт майдончалари каби 60 дан ортиқ йўналишлар бўйича молиялаштирилиши белгиланган.
Масалан, Қарши тумани Омонтепа МФЙ Тўрақул қишлоғида яшовчи тадбиркор Зуҳра Мейлиева 100 ўринли “Ихтирочи болалар” номли давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодалат мактабгача таълим муассасини ташкил қилиб қишлоғидаги мактабгача ёшдаги болажонларнинг сифатли таълим-тарббия олишига ҳисса қўшмоқда. Бунда тадбиркорга тижорат банки асосий кўмакчи бўлди.
– Ўзим узоқ йиллардан буён ўқитувчилик қиламан, – дейди З.Мейлиева. – Шу боис болаларга меҳрим бошқача. Анчадан буён хусусий боғча очишни мақсад қилиб юрардим. “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали ушбу мақсадимни руёбга чиқаришимда асосий кўмакчи бўлди. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 750 миллион сўм бўлса, шундан 350 миллион сўми банк кредитидир. Ушбу маблағ эвазига тез фурсатларда қурилишимизни тугатиб, боғчани фойдаланишга топширдик. Натижада 9 та янги иш ўрни яратдик. Ҳозирда 60 нафарга яқин болажон тарбияланмоқда. Уларнинг сифатли таълим олиши учун барча шарт-шароитларни яратганмиз. Келгусида “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали билан ҳамкорлигимизни давом эттириб, янада кўпроқ лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Албатта, бугун таълим соҳасига ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Илгари кредит олиш учун ойлаб, йиллаб овора бўлган тадбиркорларнинг олдига бугун банк ходимларининг ўзи келиб, уларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқармоқда.
[gallery-3458]
Масалан, Қарши шаҳрида яшовчи Муродулла Ҳалилов 18 йилдан буён абитуриентларни аниқ фарлар йўналиши бўйича тайёрлаб келади. Ўтган йиллар давомида атрофига билимли ўқитувчиларни, шогиртларни тўплади. Ўз уйида ўқув марказ ташкил қилди. Аммо уйда тайёрланувчилар учун етарлича шарт-шароитлар қилишга эришаолмаётган эди. Бугун тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар унга ҳам қўл келди. Хусусий мактаб очишдик йирик лойиҳага қўл ўрди. Маблағ эса кам. Бошида иккиланган бўлсада, бизнесрежа тузиб, лойиҳасини “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиалига олиб борди. Кутилмаганда унинг мушкули осон битти. Банк молиявий қўллаб-қувватлашга рози бўлди. Натижада қисқа муддатда шаҳарнинг қоқ марказида “AVITSENNA SCHOOL” номли 300 ўринли замонавий хусусий мактаб қад ростлади.
– Ҳар йили юзлаб абитуриенлар тайёрлаймиз ва уларнинг 85 фоизи олий таълим муассасаларига киришга муваффақ бўлади, - дейди Муродулла Ҳалилов. – Аммо узоқ йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 11 йил давомида ўрта мактабда саёз таълим олган ўқувчини қайта тайёрлаш ва уни юқори натижаларни қўлга киритиши жуда машаққатли. Яъни 11 йиллик билимларни бир йил ёки 6 ой давомида қайта ўқиб, ўрганиб чиқиши зарур бўлади. Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб хусусий мактаб очиб, 5-6-синфлардан бошлаб ўқувчи қабул қилсак ва уларни ўзимизда чуқурлаштирилган ҳолда ўқитсак деган қарорга келдик. Аммо мактаб қуриш учун анчагина маблағ керак бўлар экан. Шу боис банкдан ёрдам сўрадик. Улар ҳам қўллаб-қувватлашди. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 1 миллиард 400 миллион сўм бўлса, шундан 800 миллион сўми банк кредитидир. Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 20 та янги иш ўрни яратдик. Жорий ўқув йилидан бошлаб, ўқувчи қабул қилишни бошладик.
Таъкидлаш лозимки, қарорга мувофиқ “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали хизмат кўрсатиш лойиҳаларига қўйидаги шартларда мижозларга кредит ажратилиши режалаштирилган:
Масалан, муддати - 60 ойгача (5 йилгача), имтиёз муддати - 1 йилгача, фоиз ставкаси – 14 фоизлик (Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича, кредит олиш пайтида), кредитнинг максимал миқдори - 2 миллиард сўмгача бўлган кредитлар мижозларга қулайлик сифатида тақдим этилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Ўзмиллийбанк” АЖ ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 2021 йил якунига қадар 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда (Қашқадарё вилоятида Қарши ва Шаҳрисабз) туризм, транспорт, тиббиёт, таълим обьектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш, йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлик субьектлари билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этишни таъминлаш масалаларида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида