“Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида фаолиятимиз кенгаймоқда
Бугунги кунда таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, савдо, умумимй овқатланиш, IT, транспорт каби кўплаб жабҳаларда сервиз ва хизматлар кўрсатиш тизими кенгаймоқда. Ушбу тармоқни ривожлантириш орқали нисбатан кам инвестиция эвазига тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш, иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадини ошириш имкониятларига эга бўлиш мумкин.
Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор қарор ва ҳужжатлар ҳамда 2021-2023 йилларда мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши натижасида 2021йил хизмат кўрсатиш ҳажми қарийб 20 фоизга ошди. Хизматлар соҳасига қулай кредит, субсидия ва янги енгилликлар пакетининг жорий этилиши, бир қатор солиқларни имтиёзли ставкада қўллаш, йўл, электр, интернет каби инфратузилмаларнинг яратилиши тадбиркорлар учун кенг имконият яратмоқда. Хизматлар ва сервиз соҳасини ривожлантириш борасида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ҳам мазкур банк кўмагида фаолиятини йўлга қўйган хизмат кўрсатиш объектлари кўп. Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги савдо мажмуаси ертўласида ташкил этилган “Мажор Премиум гейминг” клуби компьютер хизматларини тақдим этиб келмоқда. Мазкур клуб ўз фаолиятини йўлга қўйишида, аввало, компьютер ва жиҳозлар сотиб олиш зарурати мавжуд эди. Умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион сўм деб баҳоланган ушбу лойиҳа учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1 миллиард 500 миллион сўм банк кредити ажратилди. Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 6 та янги иш ўрни яратилди.
– Шаҳарда учта филиалимиз бор, жами 20 та иш ўрни яратганмиз, — дейди тадбиркор Олим Алимов. – Ушбу энг охирги филиалимиз 2021 йил ноябрь ойида ишга тушди. Мазкур филиални йўлга қўйишимизда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ажратилган кредит маблағи қўл келди. Ўзбекистон киберспортчилар терма жамоасини шакллантириш учун иқтидорли ёшларни топиш ва танлаш мақсадида ҳар 3 ойда мусобақалар уюштириб турамиз. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Таъкидлаш жоизки, киберспорт, яъни компьютер ўйинлари жаҳон миқёсида оммалашиб бораётган, юзинчи спорт тури сифатида тан олиниб, уни Олимпия ўйинларига киритиш ҳаракатлари бошланган бир пайтда “Мажор Премиум гейминг” фаолияти муҳим ўрин тутади. Зеро, мамлакатимизда ҳам секин-аста киберспортчилар шаклланиб бормоқда. Улар орасида халқаро турнирларда иштирок этиб, медаллар ва пул маблағларини қўлга киритаётганлар ҳам бор. Шундай экан, “Мажор Премиум гейминг” фаолиятини ривожлантиришда банк томонидан кўрсатилган кўмак киберспортчиларни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
М.Комилова,
ЎзА мухбири
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати ҳамкорлигида тайёрланди.