“Ўзметкомбинат”да халқаро стандартлар талаблари тасдиқланди
“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида навбатдаги назорат аудити ўтказилди. Аудит давомида корхонада жорий этилган бошқарув тизимларининг халқаро стандартлар талабларига мувофиқлиги ўрганилди.
Текширув якунига кўра, корхонада сифат менежменти, атроф-муҳитни бошқариш ҳамда энергия менежменти бўйича халқаро стандартлар талабларига риоя этилаётгани тасдиқланди.
Жумладан, сифат менежменти бўйича ISO 9001:2015, атроф-муҳитни бошқариш бўйича ISO 14001:2019 ҳамда энергия менежменти бўйича ISO 50001:2019 стандартлари асосида берилган сертификатларнинг амал қилиши тасдиқланди.
Жамият ахборот хизмати маълум қилгани каби мазкур натижа корхонада маҳсулот сифатини барқарор таъминлаш, экологик масъулиятни ошириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, халқаро стандартлар “Ўзметкомбинат” фаолиятида нафақат сертификат талабларини бажариш, балки ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзметкомбинат” АЖда халқаро стандартлар асосида ишлаш ва барқарор ривожланишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА