“Ўзкимёсаноат” АЖ: 5 нафар ёшга касбий фаолияти учун зарур воситалар топширилди
Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада жойларда амалга оширилаётган манзилли ишлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорига фаол жалб этиш ҳамда барқарор даромад манбаини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай ташаббуслар доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ишчи гуруҳи Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги Пахтачи маҳалласида истиқомат қилувчи ишсиз ёшлар билан манзилли учрашувлар ўтказмоқда. Суҳбатлар давомида уларнинг қизиқишлари, касбий кўникмалари, келгуси режалари ва эҳтиёжлари атрофлича ўрганилиб, ҳар бир ёшнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бандлигини таъминлаш бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мазкур ишлар яна бир муҳим амалий натижа билан давом эттирилди. Хусусан, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан 5 нафар ёшга улар танлаган касб ва фаолият йўналишига мос меҳнат воситалари ҳамда зарур асбоб-ускуналар беғараз топширилди. Бу эса уларнинг ўз меҳнат фаолиятини бошлаши, ўзини ўзи банд қилиши ва барқарор даромад манбаини шакллантириши учун муҳим замин яратди.

Жамият ахборот хизматига кўра, бундай манзилли қўллаб-қувватлаш тадбирлари ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА