Озиқ-овқатлар сифати энг муҳим омил
Бухорода Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун маҳсулотларни ташиш, сақлаш ва истеъмолчига сифатли етказиб бериш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари Бухородаги йирик савдо мажмуаси мисолида озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг ташиб келинишидан тортиб, уларни қадоқлаш, белгиланган тарзда сақлаш ва сифат кўрсаткичларини назорат қилиш жараёнлари билан таништирилди.
Тўғри халқимиз орасида истеъмол маданияти деган тушунча ҳали у қадар ривожланмаган. Шунданми, биз одатда харид қилаётган маҳсулотларнинг сақланиш шартлари, яроқлилик муддатларига кўп ҳам эътибор қаратмаймиз. Хусусан, бозорлар ва очиқ савдо нуқталарида қуёш тиғи остида сотилаётган маҳсулотлар сифати ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмай туриб ҳам харид қилаверадиганлар бор. Ваҳоланки, маҳсулотнинг сақланиш шартларига амал қилиш унинг сифат кўрсатгичларида муҳим ўрин тутади.
[gallery-9513]
Савдо маркази ходимлари журналист ва блогерларга ўзларида мавжуд тартиблар ва маҳсулот сифатини сақлашга қаратилаётган эътибор ҳақида батафсил гапириб берди. Ташкилотчилар томонидан юртимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида хизмат кўрсатаётган давлат ва жамоат ташкилотлари, уларнинг функция ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 10 ноябрь – 1989 йил Бутунжаҳон сифат куни деб қабул қилинган. Ҳар йили дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида нишонланадиган ушбу тадбирнинг асосий мақсади – товар ва хизматлар сифати муҳимлигини ошириш ҳамда сифат муаммоларига эътибор қаратишдан иборат.
Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам истеъмол товарлари ва хизматлар сифатини янада ошириш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойида мамлакатимизда “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги” тадбири ўтказилиши белгиланган.
Пресс-тур давомида журналистларнинг кўплаб саволларига жавоб топилди. Энг муҳими уларнинг ўзлари ҳам маҳсулот харидида эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА