ЎзХДП талабалар ўртасида “Заковат” ўйинини ўтказди
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшлар билан ишлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор самарали лойиҳаларни ўтказиб келмоқда. Мақсад партиянинг асосий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилган ҳолда ёшларни сиёсий жараёнларга кўпроқ жалб этиш, аъзолар орасида ёшларнинг салмоғини оширишдан иборатдир.
Иқтидорли ёшларнинг мантиқий фикрлаш даражасини ҳамда интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадида партия Марказий Кенгаши Ёшлар сектори ташаббуси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда республикамиздаги 13 та энг нуфузли олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этиб, ўз билимларини синашди.

Беллашувда “Заковат” клуби ходимлари таклиф қилиниб, иштирокчилар айнан клуб ходимлари томонидан тайёрланган саволларга жавоб беришди. Ўйин давомида ёшларга хос шижоат, топқирлик, ғалабага бўлган интилиш сезилиб турди. Ҳар бир савол муҳокамаси учун 1 дақиқа вақт ажратилди.
Қизғин руҳда кечган ўйин натижаларига биноан 3-ўрин Тошкент давлат юридик университети талабаларидан таркиб топган жамоага насиб қилди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг зукко йигит-қизлари фахрли 2-ўринга лойиқ топилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари эса биринчи ўринни қўлга киритди.

Беллашув якунида ёшларни тақдирлаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов сўз олиб, барчани яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан самимий табриклади. Беллашувга келган ҳар бир йигит-қиз аслида ғолиб эканини қайд этди. ЎзХДП эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, келажагимиз бўлмиш ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини, талабалар иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйинларини келгусида анъанавий тарзда ўтказиш режалаштирилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Якунда ғолиб ва совриндорларга бадиий китоблар жамланмаси, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
М.Комилова,ЎзА