Ўзбошимчалик билан ер эгалламанг, оқибати яхши бўлмайди
Муносабат
Мамлакатимизда кейинги йилларда ер ресурсларини муҳофаза қилиб, улардан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш давлат белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, ер ажратиш, ундан фойдаланиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунлар бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Обод, тўкин ҳаётимиз манбаи бўлган ер умуммиллий мулк. Уни келгуси авлодларнинг ҳам фаровон турмуш кечириши учун авайлаб асраш, ўзбошимчалик билан эгаллашларнинг олдини олиб, авлодларга безавол етказиш фақат соҳа ходимларининг эмас, балки халқимизнинг муҳим бурчларидан биридир. Тўғри, соҳага оид ҳужжатларда Кадастр агентлигига қатор муҳим вазифа ва ваколатлар берилган. Ғайриқонуний эгалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, давлат ер кадастрини юритиш тартибига риоя этмаслик каби ҳолатлар билан боғлиқ маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. Ер муносабатларида амалдаги қонунчилигимизга зид бу ҳолатларнинг олдини олишда жамоатчилик вакиллари ҳам бефарқ бўлмаса, ерни ўзбошимчалик билан эгаллашга уринаётган маҳалладошига бу ишнинг оқибатларини тушунтириб, қалтис ҳаракатдан қайтарса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мавриди келганда айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни билан фақатгина 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда қурилган, ўзбошимчалик билан эгалланган уй-жой ва иншоотлар қонунийлаштирилиши қатъиян белгилаб берилди. Қонун шу муддатдан кейинги йилларда содир этилган ўзбошимчалик ҳолатларига таъсир этмайди ва ҳаракат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Масаланинг ана шу жиҳатлари аҳоли ўртасида кенг тушунтирилаётган бўлса-да, айрим шахслар буни нотўғри талқин қилиб, ерга оид ҳуқуқбузарликларни атайлаб содир этишга сабабчи бўлмоқда.

Бу муаммонинг олдини олиш учун вилоятда ер қонунчилигига риоя этилиши доимий назоратда бўлиб, ҳудудларда мунтазам махсус назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари ходимлари қонунларга риоя этилиши юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бироқ, айрим шахслар ерни ўзбошимча ўзлаштиришнинг оқибатини билсада, ўзини билмасликка олиб, қонун талабларини бузаётгани ачинарлидир. Жумладан, йилнинг ўтган даврида назоратчиларимиз 670 дан ортиқ ер қонунчилиги бузилиши ҳолатларига дуч келди. Улардан 320 га яқини кадастр инспекторларининг тушунтириш ишлари натижасида ихтиёрий равишда бартараф этилиб, ер участкалари аввалги ҳолатига қайтарилди. Афсуски, белгиланган муддатда ерга етказилган зарар ихтиёрий бартараф этилмаган ҳолатлар юзасидан суд органларига даво аризалари киритилиб, қонуний чора кўрилмоқда.

Ўрганишлар чоғида айрим шахсларнинг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунига асосан ерни кейинчалик ҳужжатлаштириб оламан, деган нотўғри фикр билан ноқонуний қурилишга қўл уриб, алалоқибат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Масалан, Кадастр агентлигининг Музработ туман бўлими инспекторлари туманнинг Олмазор маҳалласида яшайдиган Ўктам Гўрўғлиев (исм-шарифлар ўзгарган) давлат захирасидаги ер майдонидан ўзбошимчалик билан 227,68 квадрат-метр майдонни эгаллаб олиб, савдо дўкони ва бостирма қуриб олганини аниқлади. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-модда 3-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима жазоси қўлланилди. Ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма ҳам берилди. Қизириқ тумани бўлими назоратчилари Рабатак маҳалласида яшайдиган Нодир Чориевнинг ички кўча муҳофаза ҳудудидаги 100 квадрат-метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, бостирма биноси қурганига дуч келди. Ғайриқонуний эгалланиб, ўзбошимчалик билан бино қурган бу шахсга ҳам тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этиш юзасидан муддат белгиланиб, огоҳлантириш хати берилди. Оқибатлари тушунтирилди. Қилмишидан пушаймон бўлган Н.Чориев бостирма биносини ўз ҳисобидан бузиб, ер майдонини ўз ҳолатига қайтарди.
Амалдаги қонунга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Шу боис бундай қалтис ҳаракатга асло қўл уришга уринмасликни тавсия этамиз. Зеро, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилишлар барпо этиш нафақат қонунга зид ҳаракат, балки жамият тараққиётига жиддий таъсир этадиган хавфли иллат ҳамдир.
Менглимамат Абдураҳмонов,
Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА