“Ўзбекнефтгаз” АЖ: ишлаб чиқариш ва геологияда юқори натижалар қайд этилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖда 2026 йилдан бошлаб амалга оширилаётган “Долзарб 100 кунлик” дастури қисқа вақт ичида ўзининг амалий натижалари билан намоён бўлиб, тармоқда кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда жамият бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев қуйидагиларни маълум қилди:
–Ташкилотимиз томонидан геология-қидирув, бурғилаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, инвестиция сиёсати ҳамда ижтимоий йўналишларни қамраб олган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Энг аввало, молиявий барқарорликни таъминлаш ва харажатларни оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу маблағларни устувор йўналишларга самарали тақсимлаш имконини берди.
Натижада жорий йилнинг дастлабки чорагида 2,5 триллион сўм харажатлар оптималлаштирилди. Шунингдек, товар-моддий ресурслар ва хизматлар нархларини пасайтириш, дебитор қарздорликларни ундириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали 1,8 триллион сўм маблағ тежалди. Соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали 30 миллиард сўм, қурилиш ва бурғилаш лойиҳаларини оптималлаштириш ҳисобига эса 438 миллиард сўм тежамкорликка эришилди.
Геология-қидирув ишлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Замонавий 3D сейсмик тадқиқотлари асосида янги истиқболли майдонлар аниқланиб, ресурс базаси кенгайтирилмоқда. Жами 10 000 кв.км ҳажмда 3D сейсмик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 4 баравар кўпдир. Шунингдек, 42 та инвестиция блоки бўйича рухсатномалар олинди.
Бурғилаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда жами 102 та қудуқ бурғилаш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 57 таси излов-қидирув, 45 таси ишлатиш қудуқларидир. Ушбу даврда 17 та қудуқдан саноат миқёсида газ оқими олинди. Қорақалпоғистон Республикасида 3 та янги кон аниқланди. Шунингдек, 29 та қудуқ таъмирланди ва 11 та технологик тадбир амалга оширилди.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичларида ҳам барқарор ўсиш таъминланди. Жумладан, 4,789 миллиард метр куб табиий газ, 141,3 минг тонна газ конденсати, 152,9 минг тонна суюлтирилган газ, 48 минг тонна олтингугурт ва 36,1 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқарилди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 132,2 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
“Uzbekistan GTL” заводида синтетик нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш барқарор йўлга қўйилиб, маҳсулот ҳажми 169 фоиз ўсиш билан 89,1 минг тоннага ошди.
“Долзарб 100 кунлик” дастури инвестиция сиёсатини қайта кўриб чиқишда ҳам муҳим босқич бўлди. Ҳар бир лойиҳа эндиликда унинг иқтисодий самарадорлиги ва стратегик аҳамиятидан келиб чиқиб баҳоланмоқда. Шу асосда Хитойнинг CNPC корпорацияси таркибидаги “XIBU”, “Shandong Molong”, “Hengyang Valin” ҳамда “BGP” компаниялари билан ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Умуман олганда, “Долзарб 100 кунлик” дастури геология ва ишлаб чиқариш йўналишларида юқори натижаларни таъминлаб, тармоқни янги ривожланиш босқичига олиб чиқмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА