Ўзбекистоннинг сайлов тизимини рақамлаштиришдаги ютуқлари халқаро эътирофга сазовор бўлди
Шу йил 13-17 октябрь кунлари Филиппин Республикасининг Манила шаҳрида Бутунжаҳон Сайлов органлари ассоциациясининг (A-WEB) 7-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.
Анжуманда Сайлов органлари ассоциациясига аъзо давлатларнинг миллий сайлов органлари вакиллари иштирок этди. Унда сайлов тизимларини ривожлантириш, сайлов жараёнларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда келтирилганидек, Ассамблея доирасидаги тадбирларда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоров ва Комиссия аъзоси Г.Раҳимова иштирок этди.
Қувонарлиси, форум доирасида Ўзбекистоннинг сайлов тизимини рақамлаштириш соҳасида эришган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилди. Бутунжаҳон Сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) Ижроия кенгашининг 14-йиғилиши доирасида ташкил этилган танлов якунларига кўра, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси энг яхши амалиётлар ва ташаббуслар учун БСОА мукофотига сазовор бўлди.

Ушбу халқаро эътироф сайловларни ташкил этиш ва бошқаришда рақамли воситаларни жорий этиш борасида Ўзбекистон тажрибасининг жадаллашиб бораётгани натижаси. Шунингдек, мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибасига халқаро қизиқиш юқори эканини кўрсатди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон билан бир қаторда Албания Марказий сайлов комиссияси (хорижда истиқомат қилувчи сайловчиларни рўйхатга олиш ва сайловчилар рўйхатларини бошқариш учун электрон платформани ишлаб чиққани) ва Мексика Миллий сайлов институти (янги сайлов ислоҳоти доирасида сайлов жараёнини муваффақиятли ташкил этгани учун) юксак мукофотларга сазовор бўлди.
Ғолиб деб топилган ташаббуслар сайловларни бошқариш соҳасидаги билимлар ва илғор тажрибаларнинг ягона базаси бўлган БСОАнинг веб-порталида эълон қилинади.
М.Комилова, ЎзА