Ўзбекистоннинг ОҲИЧК саммитидаги ташаббуслари: Ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги тамойили
Давлатимиз раҳбарининг Бокуда бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) VII саммитидаги нутқи минтақавий хавфсизлик ва кўп томонлама ҳамкорлик келажаги муҳокамасида муҳим аҳамият касб этди. Зеро, анжуманда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, мамлакатимиз ёндашувига ижобий муносабатлар билдирилмоқда.
ЎзА мавзу юзасидан Тошкент давлат шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси докторанти Чарос Жуманазарованинг фикрини ёзиб олди.
– Саммитда давлат раҳбари сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни ривожлантириш, иқлим барқарорлигини таъминлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Дарҳақиқат, геосиёсий рақобат кучайиши, минтақавий можаролар ва глобал иқтисодий муаммолар шароитида давлатлар аро ҳамкорликнинг барқарор механизмларини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон таклифларининг асосида айнан шундай ёндашув мужассам.
Сиёсий мулоқотдан ишонч инфратузилмасигача
Президентнинг асосий ташаббусларидан бири – Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишдан асосий мақсад сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали давлатлар ўртасидаги муносабатлар барқарорлигини таъминлаш ва олдиндан башорат қилинадиган шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Бу жараёнда транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, савдо, рақамли интеграция ва гуманитар алмашинув муҳим ўрин эгаллайди.
Бевосита денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон учун бундай ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Халқаро транспорт йўналишларини ривожлантириш ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш, логистика харажатини камайтириш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Узоқ муддатли истиқболда ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши сиёсий кескинликни камайтириш, қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал этиш учун қўшимча рағбат беради.
Халқаро хавфсизлик ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш
Президент нутқида халқаро хавфсизлик масаласи, жумладан Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазо секторидаги гуманитар инқирозга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон халқаро можароларни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари асосида сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб келмоқда.
ОҲИЧК доирасида превентив дипломатия механизмларини мустаҳкамлаш инқирозларнинг олдини ўз вақтида олиш, маслаҳатлашувларни ривожлантириш ва томонлар учун мақбул ечимлар топиш имкониятини кенгайтиради.
Сунъий интеллект ва технологик ишонч
Муҳим янгилик сифатида Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси илгари сурилди. Президент янги технологияларни қўллаш соҳасида тажриба алмашиш ва умумий тавсиялар ишлаб чиқиш учун ОҲИЧК доирасида экспертлар майдони тузишни таклиф қилди.
Ушбу ташаббус бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бир неча вазифани ҳал этишга қаратилган: рақамли тизимлар хавфсизлигини таъминлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, технологик тенгсизлик хавфини камайтириш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш учун шароит яратиш.
Ташаббуснинг амалий натижалари қўшма тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш, технологик ечимлар алмашиш ва рақамли тартибга солиш бўйича миллий ёндашувларни босқичма-босқич яқинлаштиришдан иборат.
Кейинги муҳим йўналиш Иқлим барқарорлиги соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифидир. Бу ташаббус сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, яшил энергетикани ривожлантириш ва доимий экологик мониторинг ташкил этиш соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайишини назарда тутади. Иқлим ўзгариши сув ресурслари танқислигини кучайтираётган ва қишлоқ хўжалиги учун хавфни ошираётган Марказий Осиё учун бу ташаббус стратегик аҳамиятга эга.
Шунингдек, Президентимиз инсон салоҳиятини ривожлантириш, ёшлар ва аёллар имкониятини кенгайтириш, сифатли таълимни таъминлаш ҳамда рақамли даврда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон 2027 йил Инсон салоҳиятини ривожлантириш форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди. Форум қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув, рақамли саводхонлик ва иқтисодиётнинг янги тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш майдонига айланиши кутиляпти.
Боку саммитининг аниқ натижалари
ОҲИЧК саммити қатор муҳим қарорлар қабул қилиниши билан якунланди. Жумладан, 2026 йил 15 октябрда Боку декларацияси, Лаоснинг ОҲИЧКга қўшилиши тўғрисидаги қарор, хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот, шунингдек ташкилотга раислик ва раҳбарликка оид ташкилий қарорлар тасдиқланди.
Мазкур қарорлар ташкилотнинг институционал жиҳатдан янада мустаҳкамланаётгани, фаолият географияси кенгайиб бораётганидан далолат.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар республикамиз замонавий минтақавий ҳамкорлик тизимини шакллантиришдаги ролини мустаҳкамлашга интилаётганини акс эттиради.
Хуллас, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧК саммитидаги нутқи Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияга содиқлиги, халқаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий муаммоларга амалий ечимлар излашга интилишини намоён этди. Ташаббусларнинг келгусида амалга оширилиши ОҲИЧКни янада самарали ҳамкорлик механизмига айлантириш, шунингдек бутун Осиё ҳудудида барқарор ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашда Марказий Осиёнинг ролини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА