Ўзбекистоннинг гидроэнергетика салоҳияти 2,5 ГВтга етди
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар юртимиз энергетика тизимини мустаҳкамлаш ва барқарор энергия таъминотини таъминлашга хизмат қиляпти.
Жамият томонидан гидроэнергетика соҳасига жами 1 миллиард 242 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинди. Ушбу маблағнинг 43 фоизи хорижий сармоя ҳисобига тўғри келади. Бу эса соҳада халқаро ҳамкорлик ва ишонч даражаси юқори эканини кўрсатади.
Жалб этилган инвестициялар натижасида 85 та ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Жумладан, 55 та босимли гидроэлектр станцияси, 16 та босимсиз гидроэлектр станцияси, 1 та шамол электр станцияси ҳамда 13 та модернизация қилинган объект фойдаланишга топширилди.
Ушбу лойиҳалар ҳисобига 841 МВт янги қувват яратилди. Бу мамлакат энергетика тизими барқарор ишлашини таъминлаш ва аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жамият ахборот хизматига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг амалдаги гидроэнергетика салоҳияти 2,5 ГВтни ташкил этади. Мазкур кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 52 фоизга ошган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА