Ўзбекистоннинг энг маҳоратли ёш сузувчилари сараланди
Наманган шаҳридаги “Океан” сув спорт саройида сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Чемпионат учта ёш тоифасида ташкил этилди.
Қизғин кечган мусобақалар якунига кўра, 2008-2009 йилларда таваллуд топган қизлар ўртасидаги 100 метр масофага эркин усулда сузишда Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчиси Паризод Абдукаримова маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, шу йўналишдаги ўғил болалар ўртасида андижонлик Муҳаммадсодиқ Махсумов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
200 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича ўтказилган мусобақада қизлар орасида тошкентлик Мунира Кенжаева, ўғил болалар ўртасида эса наманганлик Муҳаммадамин Раҳматуллаев Ўзбекистон чемпионига айланди.

Шунингдек, 14-15 ёшлар орасида 200 метрга эркин усулда сузишда Осиёхон Ражапова ва Муҳаммадсодиқ Маҳсумов олтин медални қўлга киритди. 100 метр масофага ўтказилган эстафетада Андижон вилояти сузувчиларига тенг келадигани топилмади. 12-13 ёшлар орасида 200 метрга брасс усулда сузишда Имона Исмоилова ҳамда Иван Луцев ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА