Ўзбекистоннинг дори нархларини мақбуллаштириш сиёсати халқаро мукофот билан эътироф этилди
Мамлакатимизда аҳолининг сифатли, хавфсиз ва ҳамёнбоп дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар халқаро фармацевтика ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг дори воситалари нархларини мақбуллаштириш, референт нархларни шакллантириш, нархлар мониторингини рақамлаштириш ва аҳолига очиқ ахборот тақдим этишга қаратилган лойиҳаси “CPHI Pharma Awards-2026” халқаро мукофотининг “Excellence With Purpose” тоифасида ғолиб деб топилди.
Мазкур натижа мамлакатимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг глобал миқёсдаги эътирофи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, дори воситалари нархларини мақбуллаштириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбари томонидан фармацевтика соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳолини арзон, сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича берилган топшириқлар асосида референт нархларни шакллантириш ва дори воситалари нархларини қайта кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар изчил олиб борилмоқда.
Референт нарх механизмининг асосий мақсади дори воситалари нархини сунъий равишда оширишнинг олдини олиш, бозор нархларини халқаро ва маҳаллий кўрсаткичлар асосида холис таҳлил қилиш ҳамда истеъмолчилар учун адолатли ва мақбул нарх шаклланишини кафолатлашдан иборат.
Маълумот учун, CPHI фармацевтика саноатининг дунёдаги энг йирик халқаро кўргазма ва профессионал платформаларидан бири бўлиб, жорий йилги глобал анжуманда 62 мингдан ортиқ юқори малакали мутахассис ва 2 900 дан зиёд етакчи кўргазма компанияси иштирок этмоқда. Мазкур нуфузли майдонда ўтказиладиган “CPHI Pharma Awards” мукофоти соҳада инновация, мукаммаллик, ҳамкорлик ва ижтимоий таъсирга эга илғор ташаббусларни алоҳида эътироф этади.

Мукофотнинг мустақил халқаро экспертлардан шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати мавжуд бўлиб, ғолиблар жаҳон фармацевтика саноатининг етакчи вакиллари орасидан қатъий мезонлар асосида саралаб олинади.
2026 йилда мукофот жами 15 та йўналиш бўйича топширилди. Шундан “Excellence With Purpose” (Мақсадли мукаммаллик) тоифаси беморлар ва жамият манфаатларини устувор қўйган, юқори ижтимоий аҳамиятга эга натижаларни таъминлаётган лойиҳаларни баҳолашга қаратилган. Айнан шу нуфузли номинацияда Ўзбекистон лойиҳасининг ғолиб чиқиши катта рамзий маънога эга.
“Ўзбекистонда дори воситаларини арзонлаштириш: референт нархларни белгилаш, рақамли мониторинг ва жамоатчилик учун очиқлик” лойиҳаси дунёнинг кўплаб илғор лойиҳалари орасидан сараланиб, финал босқичига чиқди ва расман ғолиб деб эълон қилинди.
Бу ютуқ, энг аввало, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳияти — аҳоли манфаатлари, дори воситаларининг мақбуллиги, шаффофлик ва рақамли назорат халқаро профессионал ҳамжамият томонидан ҳам ҳақли равишда юқори баҳоланганини кўрсатади.
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида бошланган саъй-ҳаракатларнинг Милан шаҳридаги нуфузли халқаро фармацевтика майдонида эътироф этилиши Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг, балки бутун Ўзбекистон фармацевтика тизими учун улкан тарихий ютуқдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА